Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар аҳолининг кенг қатламлари, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида спорт ва жисмоний тарбия бўйича оммавий тадбирларни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.Икрамовнинг Қонунчилик палатаси парламент сўровига жавобини муҳокама қилдилар.
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, имконияти чекланган шахсларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда мамлакатнинг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлашга қаратилган дастурларни амалиётга жорий этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаш, саралаб олиш, селекция қилиш, шунингдек, маҳоратли спортчилар билан миллий терма жамоаларни шакллантириш ҳамда тренерлар учун қўшимча шарт-шароитлар яратилмоқда.
Тақдим этилган жавобда қайд этилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳолининг улуши 26,4 фоиз, бунда ўқувчи ва талабаларнинг улуши 23 фоизни ташкил этди. Аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини ошириш бўйича кўрсаткич 16 фоизга етди.
Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида 94 та “талабалар спорт ўйинлари” ўтказилиб, уларда 104 минг нафардан ортиқ талабанинг иштироки таъминланди. Аҳоли ўртасида жами 28 минг маротаба “Ёшлар ҳафталиги”, “Хотин қизлар ҳафталиги”, “Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги”, “Таълим муассасалари ҳафталиги” тадбирлари ташкил этилиб, уларда 9 миллиондан ортиқ аҳоли вакиллари ва ёшлар қатнашди. Бундан ташқари, “Армия ўйинлари” дастурига киритилган спорт турлари бўйича 23 та спорт мусобақаси ташкил этилди ва уларда 3,1 минг нафар иштирокчи қамраб олинди.
Парламент сўровига келган жавобда келтирилганидек, ҳудудларда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида икки мавсумдан иборат оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Хусусан, жорий йилнинг 4-11 апрель кунлари бўлиб ўтган 1-мавсум оммавий спорт мусобақаларининг биринчи (кўчалараро-маҳалла) босқичида жами 3,3 млн. (шундан, 1,3 млн. қизлар) нафар ёшлар қамраб олинди.
Мазкур мусобақалар тасарруфида адаптив спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, “Беш ташаббус паралимпиадаси” доирасида жорий йилдан бошлаб 16-30 ёшлилар ўртасида спортнинг пара енгил атлетика, пара шашка, пара шахмат, пара стол тенниси ва пара киберспорт турлари бўйича оммавий мусобақалар ўтказилди.
Илк бор туман босқичидан бошлаб (туман–ҳудуд–республика) уч босқичда ўтказилган параспорт турларида 13 минг нафар (шундан, 5 минг нафари қизлар) ёшлар иштирок этди.
Мажлисда депутатлар парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганини эътироф этдилар ва вазирнинг жавобини маълумот учун қабул қилдилар.
М.Комилова, ЎзА