Юртимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, келгуси йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ишлари амалга оширилмоқда.
Мазкур қарорга асосан жорий йилнинг 1 августидан 3 августига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида турар жойлар ва бинолар рўйхатини тузиш ва регистраторлик участкасининг схематик режасига аниқлик киритиш бўйича махсус ўқув ва амалий машғулотлар бўлиб ўтмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларида рўйхатга олиш бўлими ходимлари томондан уй-жойларни рўйхатга олувчи ходим (регистратор)ларга ўқув амалий семинарлар бошланди. Мазкур семинарларда Тошкент шаҳри бўйича 230 нафар регистратор қамраб олинган
Айтиш лозимки, семинар-тренинглар давомида регистраторлар ўзларига бириктирилган участкани хатловдан ўтказиш, яъни респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) ёки яшаши мумкин бўлган барча бинолар рўйхатини аниқлаш, картографик материалларни қиёсий текшириш, уларга тегишли белги қўйиш ва зарур ҳолларда ўзгартиришлар киритишга оид билим ва кўникмаларга эга бўладилар.
М.Комилова, ЎзА