Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик бошланди
18:48 / 2025-10-21

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида бўлиб ўтадиган аҳолини рўйхатга олиш жараёнига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Бу муҳим жараённинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимлик, вилоят ва туман статистика органлари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, рўйхатга олишда иштирок этувчи ходимлар учун ташкил этилаётган ўқув-амалий семинарлар муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу семинарларда иштирокчилар аҳолини рўйхатга олишнинг ҳуқуқий асослари, электрон сўровномалар билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлмоқдалар.

Семинарлар жараёнида мутахассислар иштирокчиларга реал шароитда учраши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида ҳам батафсил тушунчалар бермоқда. Бу эса назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилишини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Шунингдек, маҳалла еттиликлари ва бошқа маҳаллий тузилмалар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тайёрлов ишлари рўйхатга олиш жараёнининг сифатли ва хатоларсиз ўтишига замин яратмоқда.

Маълумки, аҳолини тўлиқ ва аниқ рўйхатга олиш – давлат сиёсатини тўғри юритиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг асосий шартидир. Шу маънода, ташкил этилган ўқув-амалий семинарлар нафақат ходимлар салоҳиятини ошириш, балки келгусидаги рўйхатга олиш жараёнларининг юксак даражада ташкил этилишига хизмат қилади.

Бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА