Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини рўйхатга олиш жараёни 3 босқичда ташкил этилади
10:23 / 2025-12-19

“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунда аҳолини камида ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда рўйхатга олиш белгиланган. 2021 йилда аҳоли ва 2022 йилда қишлоқ хўжалиги синов тариқасида рўйхатга олинган. Тўлиқ рўйхатга олишни амалга ошириш учун зарур техник, ҳуқуқий асослар ва бошқа омилларга тайёргарлик ишлаб чиқилганидан сўнг ушбу тадбир 2026 йилга кўчирилган.

“Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган семинарда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, аҳолини рўйхатга олиш жараёнининг қишлоқ хўжалиги билан уйғун ҳолда амалга оширилиши муҳим стратегик аҳамиятга эга. Харажатларни сезиларли даражада қисқартириш, вақтни тежаш ва сўровларни мақбуллаштириш имконини беради. Шу билан бирга, маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифатини оширади.

Рўйхатга олиш жараёни 3 та босқичда ташкил этилади. Дастлабки 17 кун давомида аҳолига интернет орқали маълумотларни киритиш имконияти яратилади. Бунда фуқаролар census.stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдамида рўйхатдан ўтади. Аҳоли ўзи ва оила аъзолари тўғрисидаги саволномани мустақил тўлдириши мумкин бўлади.  

Кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида уйма-уй юриб, маълумотлар йиғилади.

Шунингдек, жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги” аъзолари махсус дастурлар асосида тайёрланади ва уларнинг фаолияти рағбатлантирилади.  

Рўйхатга олиш жараёнлари якунлангандан сўнг маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш босқичи бошланади. Натижалар Европа статистиклар конференциясининг тавсияларига мувофиқ умумлаштирилади.  

Шу тариқа мамлакатимиз аҳолисининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият турлари ва даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шаклланади, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик соҳасига оид кўрсаткичлар аниқланади.

Семинарда рўйхатга олиш жараёнлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларини самарали ташкил қилиш бўйича таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА