Айни кунларда мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари жадаллик билан ташкил этилмоқда. Ушбу тадбир юртимиз тараққиётининг янги босқичида алоҳида аҳамият касб этади.
Мазкур жараённинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Аҳолини рўйхатга олиш — бу фақатгина статистик тадбир эмас, балки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатида ҳал қилувчи ўрин тутадиган стратегик жараёндир. У демографик ўзгаришлар, меҳнат ресурсларининг ҳолати, ижтимоий инфратузилма эҳтиёжлари, қишлоқ хўжалиги салоҳияти ва ҳудудларнинг мутаносиб ривожланишини илмий асосда режалаштириш имконини беради. Аниқ ва ишончли маълумотлар эса давлат қарорларининг манзилли ва самарали бўлишини таъминлайди.
Рўйхатга олиш жараёнларининг халқаро стандартларга мувофиқ, замонавий рақамли ечимлар асосида амалга оширилаётгани ислоҳотларнинг мазмунан чуқурлашганидан далолат беради. Жорий йилнинг 15 январидан 28 февралига қадар икки босқичда ўтказилаётган ушбу тадбирнинг биринчи босқичда фуқаролар махсус ахборот тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу рақамли хизматлардан фойдаланиш маданиятини ошириш, вақт ва ресурсларни тежашга хизмат қилади. Иккинчи босқичда эса “маҳалла еттилиги” ходимлари томонидан уйма-уй юриб, планшет қурилмалари орқали маълумотлар йиғилиши аҳолининг барча қатламларини тўлиқ қамраб олиш имконини беради.
Рўйхатга олиш жараёнининг яна бир муҳим жиҳати — унинг тўлиқ рақамлаштирилганидир. Маълумотлар census.stat.uz портали орқали йиғилиб, OneID тизими орқали фуқароларнинг идентификация қилиниши маълумотлар аниқлиги ва шаффофлигини таъминламоқда. Геоахборот тизими асосида республика бўйича 7,6 миллиондан ортиқ хонадон ва турар жойларнинг геоманзиллари шакллантирилиб, жараёнларнинг бориши, қамров даражаси ва натижаларини кўрсатиб турувчи махсус электрон кузатув ва таҳлил панеллари орқали ишлар реал вақт режимида назорат қилинмоқда. Бу давлат органларига вазиятни тезкор баҳолаш, таҳлил қилиш ва самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш имконини беради.
Фуқаролар томонидан тақдим этилаётган маълумотларнинг қонунчилик талабларига мувофиқ қатъий ҳимоя қилиниши, шахсий маълумотларнинг махфий сақланиши аҳолининг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. Маълумотлардан фақат статистик мақсадларда фойдаланилиши белгилангани рўйхатга олиш жараёнида фаол иштирок учун муҳим рағбат омилларидан бири ҳисобланади.
Тадбирларни юқори савияда ўтказиш мақсадида республика бўйлаб кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 14 та ҳудудий ҳамда 208 та туман ва шаҳар штаблари ташкил этилди. Қарийб 60 минг нафар рўйхатга олувчи ходимлар тайёрланиб, улар орасида “маҳалла еттилиги” вакиллари, захира ходимлар, ҳудудий штаб аъзолари, шунингдек, вазирлик ва идоралардан жалб этилган тренерлар ҳамда олий таълим муассасаларидан волонтёрлар иштирок этмоқда. Бу эса рўйхатга олиш жараёнининг тизимли ва мувофиқлашган ҳолда ўтишини таъминламоқда.
Аҳолини хабардор қилиш ва тарғибот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Юзлаб тарғибот видеороликлари, телевизион лавҳалар, минглаб ахборот материалларининг ижтимоий тармоқлар, жамоат транспортлари ва аҳоли гавжум жойларда жойлаштирилиши аҳолининг фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Натижада бугунги кунга қадар махсус портал орқали 2,48 миллион хонадон, шунингдек, 31 мингта фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари рўйхатдан ўтди. Бу кўрсаткич мамлакатда рақамли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани ва аҳолининг давлат аҳамиятига молик тадбирлардаги иштироки ортиб бораётганини яққол кўрсатади. Давлатимиз раҳбари аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини сифатли ўтказиш, маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш ҳамда улардан қарор қабул қилиш жараёнларида кенг фойдаланиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Чунки аниқ ва тўлиқ маълумотлар — адолатли сиёсат, самарали ислоҳотлар ва барқарор тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдеворидир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди,
ЎзА