Дунёнинг ривожланган кўплаб давлатларида аҳоли ўртача ҳар ўн йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказилади.
Бу тадбир мамлакатнинг демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларини йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. Рўйхатга олиш аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш имконини беради.
– Ўзбекистонда сўнгги умуммиллий аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган, – дейди Самарқанд вилоят статистика бошқармаси бошлиғи Шароф Абдиев. – Шундан бери аҳоли сони анча ошди, ижтимоий-иқтисодий шароитлар ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Аммо шу пайтгача бундай кенг кўламдаги рўйхатга олиш амалга оширилмаган.2021 йилда аҳолини, 2022 йилда эса қишлоқ хўжалигини синов тариқасида қисман рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилди. Лекин тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этиши боис бу тадбир кейинга қолдирилган эди.“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонунда ҳам аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказиш белгиланган.
Халқаро тажрибадан келиб чиқиб ҳамда Жаҳон банки ва халқаро ташкилотлар иштирокида ишлаб чиқилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини бир вақтда рўйхатдан ўтказиш бўйича таклифлар инобатга олинган ҳолда шу йилнинг 19 сентябрь куни давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида” фармон қабул қилди. Мазкур ҳужжат билан аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари, яшаш даражаси ва фаровонлиги,қишлоқ хўжалиги ҳолати, таркиби ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаш истиқболларини баҳолаш тизимини яратиш учун зарур маълумотлар базаларини шакллантириш мақсадида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши белгиланди. Мазкур тадбир 2026 йил 15 январдан 28 февралгача амалга оширилади.
Рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди.Рўйхатга олиш орқали 38 миллион аҳолининг ёши, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ва даромад манбалари ҳақида ягона маълумотлар базаси шаклланади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичлари аниқланади.
Тадбир икки босқичда амалга оширилади. Аввалги 17 кун давомида фуқаролар “census.stat.uz” портали орқали OneID тизими ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Кейинги босқичда эса “маҳалла еттилиги” ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб маълумот тўплайди.Ҳозир жойларда тайёргарлик ишлари, маҳалла еттилиги аъзоларини ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида қишлоқ хўжалигининг ҳозирги ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони ҳам аниқланади. Бу қишлоқ хўжалигига ҳар йили йўналтирилаётган 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағларининг самарадорлиги, соҳадаги хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўплами яратилишига хизмат қилади.
Рўйхатга олиш жараёнида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Айни пайтда бу борадаги ишларга киришилган.
Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиши, фуқароларнинг хабардорлиги оширилиши мақсад қилинди.
– Аҳолини рўйхатга олиш фақатгина аҳоли сонини аниқлашдан иборат эмас – дейди Ш.Абдиев. – Бу жараёнда мамлакат иқтисодий тузилмасининг барча жиҳатлари, ижтимоий соҳадаги муаммолар билан боғлиқ маълумотлар тўпланади ва бу келгусида давлат дастури ишлаб чиқишда инобатга олинади. Иккинчидан, шахсларнинг иқтисодий хусусиятларига доир маълумотлар тўпланиб, меҳнат бозорини ўрганиш ва самарали меҳнат тизимини яратишга имконият яратилади. Умуман, рўйхатга олиш жараёнида тўпланган ҳар бир маълумот аҳолининг иқтисодий аҳволини ўрганиш, баҳолаш ва келгуси вазифаларни белгилаб олишга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА