Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш: оқилона ечим, узоқни кўра олиш ва қатъиятли қарорлар фойда беради
15:54 / 2022-06-03

Бутун дунё, бутун одамзод яшаб қолиш учун курашади ва албатта, бозорга мурожаат қилади. Бозорда кимга – дон, кимга – нон керак, лекин нарх-наво билан ҳисоблашиш шарт ҳаммага! Бозорда эса бундай «қайсар қоидалар» етарлича. Ҳозиргидек, жаҳонда озиқ-овқат танқислиги сабаб ва емиш хавфсизлиги учун жиддий кураш бораётган даврда бунақа қоидалар кўпайиши табиий. Бу ёғига фақат оқилона ечим, узоқни кўра олиш ва қатъиятли қарорлар фойда беради, холос.

31 май куни Президентимиз раислигида ўтган селектор йиғилишини кузатиб, шу ҳақиқатга яна бир бор амин бўлдим. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, паррандачилик ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди. 

Давлат раҳбари йиғилишда масаланинг алоҳида жиҳатига тўхталиб ўтгани барчани ўйлантириши табиий. Яъни, дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг беқарорлиги кучайган. Жаҳон бозорида буғдой, ўсимлик ёғи, картошка, гўшт, шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳатто емиш нарх-навосига таъсир ўтказадиган хомашё – нефтнинг ҳам нархи бирмунча ошди. Албатта, бу ҳолат минтақамиз, хусусан, юртимиздаги нарх-навога ҳам таъсир кўрсатади. 

Бундай шароитда ички маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва экспорт соҳасида маълум тадбирлар қўллаш зарур бўлади. Масалан, арзон, тўйимли ва тез етиштириладиган маҳсулотлар ҳисобланган парранда гўшти ва тухум ҳажми баъзи ҳудудларимизда аҳоли талабига яраша эмас. Яна бир муаммо, паррандачиликни зарур озуқалар, дон билан таъминлашда ҳам қийинчиликлар бор. 

Президентимиз муаммога оқилона ечим белгилади. Яъни, 1 июндан бошлаб паррандачилик хўжаликларига дон (буғдой) сотиб олиш учун 0,4 триллион сўм «револьвер» кредит ажратиш ва тегишли давлат жамғармаси орқали кредит гаровининг тенг ярмига кафиллик берган ҳолда, 17 фоизидан ошган қисмини компенсация қилиш. Қўшимчасига уларга айланма маблағ учун бериладиган кредит муддатини узайтириш. 

Шахсан менга ёққани, Президент бу соҳада ишлаб чиқаришдан то сотишгача бўлган барча жараённи рақамлаштириш ҳақида топшириқ берди. Сабаби, юқоридаги каби устун имтиёзлар қўлланилиши бесамар кетмаслиги, эътиборга яраша аниқ натижа бўлиши кераклигини таъминловчи яна бир қатъиятли қарор шу бўлди. 

Энди узоқни кўра билиб қўлланилган тадбирлар ҳақида икки оғиз.  

Ўзбекистонда озиқ-овқат таъминотининг узлуксизлиги доимий эътиборда. Жами 22 турдаги асосий озиқ-овқат (гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби) маҳсулотларини олиб киришга нисбатан шу йил 1 майгача жорий этилган божхона божларидан озод қилиш имтиёзи 2023 йил 1 январга қадар узайтирилди. Шунингдек, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади. Давлат харидларида эса озиқ-овқат маҳсулотлари импорти бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинади. Бозорда нарх-навони асоссиз равишда ошириш ва рақобат қоидаларини бузишга нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ваколатлари кенгайтирилади.  

Қолаверса, «ейиш учунгина яшаб юрган» айрим ноҳалол рақобатчилар, нархларни асоссиз равишда оширувчи инсофсиз тадбиркорлар тутумига қарши қатъий чоралар кўриш давлатга ҳам, жамиятга ҳам фойда келтиради. Бундай тадбирларнинг, айниқса, халқ учун фойдаси ва натижасини ақли бор одам англаши қийин эмас. 

Аслида, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозордаги нарх-навони мақбуллаштириш йўлида узоқни кўзлаб қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган. 2019 йилда қатор халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Президентининг 5853-сонли фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси шу соҳада дастуриламал бўлиб хизмат қиляпти. Унга кўра, озиқ-овқат хавфсизлигининг тўрт таркибий қисми (озиқ-овқатнинг мавжудлиги, уни харид қилиш қобилияти, ундан фойдаланиш ва унинг барқарорлиги) соҳавий давлат сиёсати ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Қолаверса, сўнгги 5-6 йил ичида Президент томонидан йигирмага яқин муҳим ҳужжат ҳаётга татбиқ этилди. Уларда маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетиши, инфляция ва аҳолининг реал даромадлари тушиб кетишига олиб келувчи омиллар шаклланишига йўл қўймаслик сингари ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар белгиланган. Ўз навбатида, бу бўйича Ҳукуматнинг ҳам ўттиздан ортиқ ҳужжати қабул қилингани масала қанчалик жиддий эътиборда эканини кўрсатади. 

Хулоса ўрнида факт. БМТ маълумотига кўра, Ер юзида аҳолининг 40 фоизи айнан қишлоқ хўжалиги ва томорқадан тирикчилик қилади. Ҳозирда дунёда 850 миллион нафарга яқин одам очлик билан курашяпти. 2050 йилга бориб бу рақам 2 миллиард кишига етиши прогноз қилинган. Уларнинг салкам 13 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. 5 ёшгача болалар ўлимининг 45 фоизи айнан тўйиб овқат емаслик натижаси экани жуда ачинарли...  

Шундай экан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий ва ташқи бозорда озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига алоқадар ҳар қандай муаммо биринчи даражали масала бўлиб қолаверади.  


 
Умид ЖАББОРОВ,
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси
ЎзА