Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини микронутриентлар билан таъминлашда қандай чоралар кўрилмоқда?
07:38 / 2023-09-23

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аёллар ва болалар ўртасида касалликларнинг олдини олиш тиббиёт соҳасидаги энг устувор йўналишлардандир. Бу борада аҳолини микронутриентлар – инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган витамин ва минерал моддалар билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.

“Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги қонун ушбу йўналишдаги ишларда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади. Қонуннинг 7, 9 -моддаларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси соҳасидаги ваколатлари, 10-моддасида эса профилактика турлари ўз аксини топган. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари мазкур қонуннинг айнан шу моддалари ижроси ҳолатини Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганди. Мазкур ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда ҳар иккала вилоятдаги ҳолат қизғин муҳокама қилинди. 

– Бугунги кунда республикамиз бўйича 3 - 15 ёшдаги 3 миллион бола ва 1,3 миллион ҳомиладор ва эмизикли аёллар йод препаратлари билан, 35 ёшгача бўлган туғиш ёшидаги 673,3 минг нафар аёл темир препарати билан қамраб олинган, - деди қўмита раиси ўринбосари М.Ворисова. – Шундай амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 2017 - 2022 йилларда оналар ўлими 1,5 бараварга, гўдаклар ўлими эса 1,3 бараварга камайишига эришилди. 

Йиғилишда қайд этилганидек, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 26 та йодланган ош тузи ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхоналари ва цехларида текширув ўтказилиб, 44,5 минг килограмдан ортиқ ош тузи истеъмолдан олиниб, қайта йодлаш тавсия этилган. 20 нафардан зиёд масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга ўтказилган. Натижада ун ва туз маҳсулотларининг зарур витамин ва минераллар билан бойитилмасдан истеъмолга чиқишининг олди олинди.

Муҳокамаларда сўз олган депутатлар шу йўналишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари назоратни кучайтириши лозимлигини таъкидлади.

М.Комилова, ЎзА