Коронавирусга қарши курашиш соҳасидаги тиббий-илмий изланишлар натижаси ва олимларнинг фикрига кўра, аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда пандемияни жиловлашнинг энг самарали усули ҳисобланади.
Бугунги кунда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш мақсадида республикамизга вакцина етказиш масаласи долзарб аҳамиятга эга. Юртимизда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, айни пайтда қаердан ва қанча миқдорда вакцина олиб келиниши юзасидан музокара ва ўрганишлар олиб борилмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЮНИСЕФ ва ЖССТ билан ҳамкорликда республикамизда коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастурга кўра, аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ҳамда 862 та мобиль бригада шай ҳолга келтирилди.
Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киритилган. 2021 йил январь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан буюртма GAVI ташкилотига тақдим этилган эди.
Ушбу ҳамкорлик доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатимизга умумий миқдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2,64 миллион доза AstraZeneca вакцинасини, шундан 2021 йилнинг I чорагида 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган эди.
2021 йил 5 март куни республикамизга шприц ва хавфсиз утилизация қутилари келди ва тақсимот асосида жойларга тарқатилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА