Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Маданият вазири ўринбосарининг аҳолини концерт-томоша тадбирларига “маҳаллабай” тамойили асосида мунтазам жалб этиш юзасидан ахбороти эшитилди.
Аҳолининг театрларга тизимли ташрифларини йўлга қўйиш мақсадида ҳар ойнинг бир куни “Театр куни” деб белгиланган. Вазирлик тизимидаги 40 та театр томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб 76 та гастроль сафари ташкил этилган. Ушбу гастроллар доирасида театр спектакллари сеансларига 50 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрган.
Бугунги кунга қадар 40 та вазирлик ва идора, ҳокимликлар билан 150 та шартнома тузилган ҳамда 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида театрларга 118 минг томошабин жалб қилинган. Ўзбекистон давлат филармонияси тасарруфидаги 7 та бадиий жамоа томонидан республика бўйлаб 20 та концерт-томоша тадбири ўтказилган.

Ўзбек миллий мақом санъати маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 102 та маҳаллада миллий мумтоз мусиқа кечалари ташкил этилган ҳамда 13 та корхона ва ташкилотларга гастроль сафарлари амалга оширилган. Мазкур мусиқа кечалари орқали 5,5 минг кишига бепул маданий хизмат кўрсатилган.
Туризм объектларида ижодий жамоалар томонидан 235 та театрлаштирилган концерт-томоша дастури ташкил қилиниб, уларга 7,5 минг фуқаро ҳамда 2,7 минг хорижий сайёҳ жалб этилган.
Муҳокама жараёнида соҳада олиб борилган ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар борлиги ҳам қайд этилди. Жумладан, Президентнинг тегишли қарорларида белгиланган айрим вазифалар ижроси кечиктирилаётгани таъкидланди. Хусусан, концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали, “Онлайн маданият маркази” платформаси ҳамда оммавий маданий ва концерт-томоша тадбирлари ўтказиладиган объектларни ижарага бериш жараёнларини рақамлаштиришни назарда тутувчи ахборот тизими фаолияти тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Ҳудудлардаги театрларнинг эҳтиёжманд ходимлари учун хизмат уйлари ажратилмаган. Маданият ва санъат соҳасидаги телевизион шоу шаклига ўтказилиши белгиланган 7 та танловдан 3 таси ҳамда хусусий секторга ўтказилиши керак бўлган маданият ва санъат соҳасидаги 5 та кўрик-танловдан бирортаси ҳалигача ўтказилмаган.
Режада белгиланган тадбирларни ўтказиш жойи, вақти, иштирок этадиган ижодкорлар ҳақида аҳолини камида икки ой олдин хабардор қилиш тизими йўлга қўйилмаган.
Театрлаштирилган томоша ва концерт дастурларини ташкил этиш учун зарур маблағлар ажратилмаган ҳамда “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳасида иштирок этган фаол ижодкорлар рағбатлантирилмаган.
Сенаторлар оммавий-маданий тадбирларнинг ғоявий мазмун-моҳиятини, миллий менталитетимизга хослигини ўрганиш ҳамда уларнинг бадиий-эстетик савиясини ошириш мақсадида концерт-томоша тадбирларини ўтказиш учун тўлов асосида амалга ошириладиган бир марталик хулоса бериш тизимини жорий этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилишни тезлаштириш лозимлигини қайд этди.
Сенаторлар, Маданият вазирлиги ва турли идоралар вакиллари, экспертлар иштирок этган мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди. Унда аҳолини концерт-томоша тадбирларига “маҳаллабай” тамойили асосида мунтазам жалб этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Н.Абдураимова, ЎзА