Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, соҳага қўшимча ресурсларни жалб қилиш борасида самарали ишлар ташкил қилинди. Ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш ва оилаларни оғир ҳаётий ҳолатлардан олиб чиқишга қаратилган қўшимча механизмларни жорий этиш бўйича ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу борада аввало Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юртимиз ижтимоий таъминот тизимининг асослари ва мазмунини белгиловчи асосий ҳужжатдир. У фуқароларга бир қатор иқтисодий ҳуқуқларни кафолатлайди. Муносиб меҳнат қилиш, касб ва иш жойини эркин танлаш, хавфсиз ва гигиеник шароитларда ишлаш ҳамда ҳеч қандай камситишларсиз меҳнат учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқлари шулар жумласидан.
Шунингдек, Конституция кексаликда, тўлиқ меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсиз қолганда, боқувчисини йўқотганда ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони айни соҳадаги вазифаларни қатъий белгилаб берди.
Мазкур фармон билан Ижтимоий ҳимоя стратегияси, мақсадли кўрсаткичлар ва йўл харитаси ҳам тасдиқланган. Стратегияда кексалик, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик пенсиялари, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ҳамда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ижтимоий нафақалари белгиланган.
Бундан ташқари, ишдан бўшатиш (ишсизлик) нафақаси, дафн этиш нафақаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги туфайли ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари ҳам киради.
2022 йилда Президент фармони билан Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш ва ушбу жамғармадан, пенсиялардан ташқари, ижтимоий нафақаларни тўлаш учун йўли очилди. Амалдаги қонунчилик таҳлили шуни кўрсатадики, мавжуд қонуний ҳужжатлар асосида ижтимоий таъминотнинг янги механизмларини жорий этиш мумкин.
Фармонга мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таркибий бўлинмаси сифатида юридик шахс мақомисиз фаолият юритувчи Суғурта жамғармаси ташкил этилди. Дастлабки босқичда – 2023-2025 йиллар Жамғарма ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа бошқариш учун масъул эди. Кейинги босқичларда 2026-2027 йилларда Жамғарма зиммасига ижтимоий суғурта тизимининг бошқа нафақаларини тақдим этиш вазифаси юкланади.
Ҳукуматимиз мамлакат ривожланишидаги устувор мақсадларидан бири бўлган ижтимоий суғурта тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Лойиҳа доирасида ишчи гуруҳ ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш имкониятлари ва тўсиқларини таҳлил қилиш учун маълумотлар йиғиш мақсадида иш берувчиларнинг ижтимоий суғурта механизмлари ва тартиб-қоидаларига бўлган муносабати ҳамда уларнинг таъсири ҳақида маълумот олиш учун сўровнома ўтказди.
Тадқиқотнинг асосий мақсади Ўзбекистонда ижтимоий суғуртани жорий этишга хусусий секторнинг тайёрлигини ўрганиш, хусусий корхоналар вакилларининг ижтимоий суғурта ҳақидаги хабардорлик даражасини аниқлаш, уни қўллашдаги имкониятлар ва тўсиқларни таҳлил қилиш, муаммоларни бартараф этиш йўлларини очиб беришдир.
Унда жумладан, корхона ва ташкилотлар ўз ишчиларини ижтимоий рисклардан қандай ҳимоя қилишади? Хусусий секторнинг ижтимоий суғурта тизимида иштирок этишига қандай омиллар тўсқинлик қилади? Таклиф қилинаётган янги ижтимоий суғурта тизими хусусий сектор манфаатларига қай даражада тўғри келади?
Мажбурий ва ихтиёрий ижтимоий суғурта тизимларида иштирокчиларнинг ёндашувида қандай фарқлар бор? Энг яхши халқаро амалиётларни Ўзбекистонда қўллаш қай даражада мақсадга мувофиқ?
2024 йилда ўтказилган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатдики, суғурта тизими самарали шаклланиши учун аҳоли, айниқса иқтисодиётнинг хусусий секторидаги иш берувчи ва ишловчилар ўртасида мавзуга оид тушунтириш ишларини оммалаштириш мақсадга мувофиқдир.
Муҳокама иштирокчиларининг фикрича, мажбурий ижтимоий суғурта ижтимоий рисклар юзага келганда ўзи ва оиласи учун салбий оқибатларни самарали бартараф этишда барча суғурталанган ишчилар, айниқса кам таъминланган оилалар вакиллари манфаатларига хизмат қилади. Муҳокамалар давомида мажбурий ижтимоий суғурта тизими билан барча ишчиларни қамраб олиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, мажбурий суғурта суғурталанган ишчининг ишламайдиган барча оила аъзоларини ҳам қамраб олиши кераклиги ҳақидаги фикр билдирилди.
Адиба Нуриддинова,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси директори ўринбосари.
ЎзА