Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуҳуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2023 йил 14 октябрдаги 539-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни жадаллаштириш, уларга ижтимоий хизмат ва ёрдамларни қулай ва осон шаклларда кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:
давлат ижтимоий ёрдами ва хизматлари кўрсатишни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан амалга ошириш;
туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари томонидан иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этишдан олдин ушбу буюртмаларни “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари билан мажбурий тартибда келишиш;
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари директорларининг қарорига асосан муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни Агентлик ҳузуридаги уй-жой фондига эга бўлган муассасаларга олти ой муддатгача вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш;
I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатларини текшириш ва қайд этишни ижтимоий ходимлар томонидан амалга ошириш.
Ички ишлар вазирлиги Агентлик билан биргаликда икки дафта муддатда “Манзил” автоматлаштирилган ахборот тизимини “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимига интеграция қилинишини таъминлайди.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ходимлар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш учун тегишли ахборот тизимларига маълумотларни жойлаб боради.
ЎзА