Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолини дарахт экишга жалб қилиш бўйича яхши тажрибалар кўпаймоқда
18:22 / 2024-10-21

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йиғилишда октябрь-ноябрь ойларида маҳаллаларда 40 миллион дона манзарали ва мевали дарахт янги тизим асосида экилиши белгиланди.

“Маҳалла еттилиги” ҳар бир маҳаллада 30 тадан камбағал оила хонадонига 20 тупдан, 20 минг якка ёлғиз кексалар хонадонига 10 тупдан мевали дарахтлар тарқатади. Шунингдек, еттилик ўзига бириктирилган кўчаларда жами 6 миллион дона манзарали дарахт, кўчалар, уйлар, кўп қаватли уйлар атрофига жами 3 миллион мевали ва манзарали дарахт экишни ташкиллаштириши муҳимлиги қайд этилди.

Таълим тизими раҳбарларига 20 мингдан зиёд боғча, мактаб, олийгоҳ ва шифохоналар ҳудудида 2,5 миллион дона кўчат экишни ташкил қилиш топширилди. Ёшлар ишлари агентлиги 155 минг ёшларга бўлиб берилган 60 минг гектар ерда жами 1,5 миллионта мевали дарахт экишга кўмаклашади.

Барча маҳаллаларда кўчат ярмаркасини ташкил қилиб, 30 миллионта кўчат етказиб бериш муҳимлиги таъкидланди. 

Телевидение, радио, газета ва ижтимоий тармоқларда дарахт экиш нуронийлар, маҳалла фаоллари, жамоат арбоблари, санъаткор ва спортчилар иштирокида кенг тарғиб қилинса, ишларнинг самараси бундан-да юқори бўлиши таъкидланди.

Президентимиз аҳолини дарахт экишга жалб қилиш бўйича яхши тажрибалар кўпаяётганини қайд этиб, тўлов ташкилотлари ва электрон савдо платформаларининг бундай лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш зарурлигига эътибор қаратди.

ЎзА