Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлаш дастури ижроси юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, республикада бугунги кун ҳолатига жами 34,2 миллион аҳолининг 22,3 миллиони ёки 65,1 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган ҳамда 11,9 миллиони ёки 34,9 фоизи муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келмоқда.
Аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган барча дастурлар доирасида жорий йилда 730 та объектларда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун республика бюджетидан жами 2 триллион 430,8 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2021 йилнинг 25 ноябрь ҳолатига жами 5 минг 676 км ичимлик ва 302,3 км оқова сув тармоқлари қурилди ҳамда 415 та объект фойдаланишга топширилди.
Жорий йил якунигача 1,5 миллион аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланади ва 674 та маҳаллада яшовчи 2,9 миллион аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, таъминланганлик даражаси 65,1 фоиздан 69,7 фоизга етказилади.
Бундан ташқари жамият томонидан 79,8 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 1185,5 км ичимлик сув тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланди. Бугунги кунда республикада жами 72 минг километрдан зиёд ичимлик сув қувурлари мавжуд бўлиб, шундан 27,4 минг километри таъмирталаб ҳолатга келган.
Шунингдек, 9,3 минг та ичимлик сув иншоотларидан 3,5 мингтаси 7,6 минг км оқова сув қувурлар ва коллекторлардан 1,7 минг км ҳамда 58 та оқова сув тозалаш иншоотларидан 49 таси таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Ушбу ҳолатларни яхшилаш ҳамда куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш мақсадида жорий йил ўтган вақти давомида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ичимлик ва оқава сувларни зарарсизлантириш учун 100 тоннадан ортиқ суюқ хлор ва гипохлорид заҳираси жамғарилиб, ичимлик ва оқава сув тармоқларидаги содир бўлиши мумкин бўлган авария ва носозликларни бартараф этиш учун керак бўладиган материаллар заҳираси яратилди.
Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини яхшилаш ҳамда ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматларини кўрсатиш стандартларига мувофиқликни таъминлаш, сув ишлаб чиқариш ва оқова сув чиқариш иншоотларида сув тозалаш технологик жараёнини лабораториявий назорат қилишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида худудий 14 та лаборатория замонавий асбоб-ускуналар ва кимёвий идишлар билан жиҳозланди.
Бундан ташқари ичимлик суви сифатини доимий равишда назорат қилиш ҳамда қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида жами 47 тонна суюқ хлор, 32 тонна гипохлорид натрий ва 21,2 тонна гипохлорид кальций захираси яратилди.
Ичимлик сув тармоқлардаги авария ва носозликларни бартараф этиш учун бугунги кунда ҳудудий сув таъминоти корхоналарида жами 527 та авария тиклаш бригадалари мавжуд бўлиб, ушбу бригадаларда 2 минг 219 нафар тармоқ усталари ва чилангар ходимлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА