French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолига яқинлашган тиббий хизмат (+видео)
11:38 / 2025-08-01

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида нафaқат тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатининг ошиши таъминланмоқда, балки тиббий ёрдам аҳолига янада яқинлаштирилаётгани ҳам кузатилмоқда.

Масалан, илгарилари қандли диабет билан оғриган беморлар асосан пойтахтга бориб даволанишга мажбур бўлар эди. Бугунги кунда эса замонавий тиббий ускуналар ва малакали мутахассислар билан таъминланган ҳудудий филиаллар фуқароларга қулай ва самарали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Бундай имкониятларни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилоятидаги филиали мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

– Филиалимиз ташкил этилгунга қадар вилоятимизда эндокрин касалликлар бўйича бирорта ҳам жарроҳлик амалиёти ўтказилмаган эди, – дейди марказ раҳбари Бобур Тешаев. – Ҳозирги кунда эса пойтахт даражасидаги барча мураккаб операциялар филиалда муваффақиятли амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири – касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олиш, профилактик тадбирларни кучайтириш ҳисобланади. Шу мақсадда скрининг жараёнлари доимий равишда ташкил этилмоқда.

[gallery-24545]

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда вилоят бўйича тахминан 17 минг нафар бемор қандли диабет ташхиси билан қайд этилган ва доимий даволанишга муҳтож. 2018 йил декабрь ойида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қашқадарё филиали фойдаланишга топширилди ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида эндокрин бўлимлар ташкил этилди. Бу жараён натижасида вилоят бўйича 300 га яқин қўшимча ўрин яратилди ва тиббий хизмат кўрсатиш даражаси янада яхшиланди.

Ҳозирги кунда филиал 145 ўринли стационар ва 150 қатновга мўлжалланган поликлиникадан иборат бўлиб, 21 нафар тажрибали шифокор фаолият олиб бормоқда. Жорий йилнинг илк уч ойи мобайнида 46 минг 836 нафар эндокрин касалликка чалинган фуқарога амбулатор хизмат кўрсатилган, 1 минг 628 нафар бемор стационар шароитда даволанган. Шунингдек, 1 минг 637 бемор гемодиализ сеансларини олган.

Филиалдаги йирингли жарроҳлик, қалқонсимон без патологияси ва тоза хирургия бўлимларида 190 та муваффақиятли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шу билан бирга, шифохонада 30 дан зиёд лаборатория таҳлиллари амалга оширилади, бу эса касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва тўғри ташхис қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

– Бугунги кунда марказимизда биокимёвий таҳлиллар, умумий қон таҳлиллари ва бошқа турдаги 30 дан ортиқ текширувлар замонавий аппаратлар ёрдамида ўтказилмоқда, – дейди шифокор-лаборант Ўлмас Ўткиров. – Бу эса халқаро стандартларга мос, аниқ ва ишончли натижаларни таъминлаш имконини беради.

Беморлар ҳам филиалда яратилган шароитлардан мамнун.

– Бу ердаги тиббий хизмат ва шароитлар таҳсинга сазовор, – дейди беморлардан бири. – Қандли диабет билан оғриганим учун доимий даволанишим талаб этилади. Илгарилари пойтахтга боришга мажбур эдим. Энди эса вилоятимизнинг ўзида шундай замонавий марказ ишлаётгани – катта ёрдам. Шифокорлар ҳам жуда тажрибали ва эътиборли.

Филиалда фаолият юритаётган муҳим тармоқлардан бири – диабет мактаби ҳисобланади. Унда беморларга касалликнинг пайдо бўлиш сабаблари, уни назорат қилиш ва олдини олиш бўйича амалиётга йўналтирилган тавсиялар берилади. Бундан ташқари, тиббиёт муассасасида профилактика ишларига, яъни аҳоли орасида тиббий маданиятни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Бир сўз билан айтганда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги бу ислоҳотлар ўзининг асосий мақсади – аҳолининг соғлом, фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/su2Ls9Yl_WQ" title="Aholiga yaqinlashgan tibbiy xizmat" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари