English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолига хизмат кўрсатиш жараёни: хизмат сифати ва муомала маданияти...
17:24 / 2021-08-26

Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармасида тизимида 150 нафардан ортиқ ходим ишлайди.

Давлат хизматлари марказлари ва Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари

ёзиш бўлимларида аҳоли ва фуқароларга давлат хизматини кўрсатишнинг ўзига яраша завқли ва муросали томонлари кўп. Аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнида давлат хизматчисининг ҳар бир фуқаро билан мулоқотга киришиши учун камига 5 дақиқа вақти кетади.  

ФҲДЁ тизимида эса ундан ҳам кўпроқ вақт талаб этилиши мумкин, албатта вазиятга қараб... Чунки, мурожаатчи турли руҳий ҳолатда келиши мумкин. Демак, бугунги замон ходимлар учун муомала маданияти ва касб этикасига, энг асосийси, тизим учун қабул қилинган давлат хизматларини кўрсатишнинг 8 тамойилига амал қилиб, инсон руҳиятига, қалбига йўл топиш муҳим.

НОБОП ХОДИМЛАРДАН ВОЗ КEЧИЛАДИ

Коррупцияга аралашдими ёки фуқарога қўпол муомалада бўлдими жазосиз қолмайди, нобоп ходимлардан воз кечилади, чунки соҳа гўё санитар... Ўзини ўзи тозалаб бораверади, чунки электрон тизимдаги шаффофлик давлат хизматчисининг ҳар бир ҳаракатини ойнадек кўрсатиб туради. Қолаверса, ҳозир фуқароларимиз ҳам анча ҳуқуқий саводхон. Хизмат сифати ёки муомала маданияти ёқмадими, зудлик билан ижтимоий тармоқлар орқали вазиятга жамоатчилик эътиборини тортади.

Навоий вилоятида 8 та туман ва шаҳарда Давлат хизматлари маркази давлат шерикчилиги асосида қурилган янги биноларда фаолият юритяпти. Айни кунда Кармана тумани ва Зарафшон шаҳрида марказ қурилишлари поёнига етиб қолган. Бирида пардозлаш ишлари кетяпти, бирида жиҳозлаш. Йил якунига қадар янги ташкил этилган Ғозғон шаҳрида ҳам мўъжазгина Давлат хизматлари маркази барпо этилади.

Ҳар икки бино ҳам янгидан қад ростламоқда. Бир йил аввал тақир ерда иш бошлаган қурувчилар кўп йиллар халққа хизмат қиладиган мустаҳкам иморатни барпо этишга бел боғладилар. Карманада маҳаллий тадбиркор ўз маблағлари ҳисобида марказ қурилишини якунига етказди. Зарафшонда эса маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бино қад ростлади. Тизим умуман ҳар бир марказ қурилишини замонавий дизайн ва креатив ёндашувлардаги архитектура асосида халққа тақдим этишга одатланган.  

Марказлар одамлар кўп кирадиган манзил бўлишига қарамай, тозалик ва озодаликка эътиборимиз алоҳида. Хизмат кўрсатиш сифатини эса кўрсаткичлар намоён этади. Давлат хизматлари марказлари орқали жорий йилнинг 1 август ҳолатига 180 114 та давлат хизмати кўрсатилган. Шундан 4463 таси сайёр тартибда амалга оширилди. 2 та махсус жиҳозланган мобилофисимиз бири чўл ҳудудларини, бири тоғли манзилларни кезади. Чунки Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота, Хатирчи туманларидаги олис овул ва қишлоқларда ҳам фуқароларимиз яшайди.

Улар йўл узоқлиги боис «Ўзимиз келдик» акцияси билан ташриф буюрамиз. Автобусда 63 ёшдаги отахонга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини бериш ёки ёшларни никоҳдан ўтказишнинг ўз гашти бор. Мобилофисда оилавий корхона ташкил этган фуқароларнинг «ҳужжат тўғрилаш» ташвишидан ариганларини кўриш ҳам одамни бахтиёр қилади.  

Вилоятнинг энг чекка ҳудудларида ҳар ойда уч тўрт маротаба аҳоли учун оммавий сайёр қабулларда ўзим фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқаман. Имкон қадар мурожаатларни жойида ҳал этишга ҳаракат қиламан. Ҳар кун маълум белгиланган вақтда «Очиқ эшиклар куни» тадбири бўйича аҳоли ва тадбиркорлар масалаларига ваколат доирасида ечим топилади. Жорий йилда 580 нафар фуқарога тадбир доирасида давлат хизмати кўрсатилди.

2021 йилнинг 7 ойи мобайнида 2500 дан ортиқ тадбиркорларга юридик корхона очиб бердик. Пандемия бўлишига қарамай, 40 га яқин қўшма корхона ташкил этилиб, чет эллик сармоядорлар ўз бизнесларини Навоий вилоятида деб билдилар. Нуротада мармарга ишлов бериш, Конимехда қоракўлтери ва пахта хом ашёсидан маҳсулот ишлаб чиқариш, Хатирчида узумчилик ва сабзавотчилик, Қизилтепада гилам ва каштадўзлик билан шуғулланиш учун фабрика ва заводлар очаётган хорижлик ҳамкорларнинг биринчи юмуши Давлат хизматлари марказларида яшил йўлак тамойилида сифатли давлат хизмати кўрсатилаётгани тизим мавқеини билдиради.

Демак, дунё шарининг қаеридан бўлмасин, бизнес учун келаётган тадбиркорлар аввал Давлат хизматлари марказларига киришади. Шунинг учун ҳам марказлар меҳмони кутаётган меҳмонхона мисол бўлиши керак, деб ўйлайман.

Тўғри,cоҳага кундан кунга янги хизмат турлари қўшиляпти. 3 йил мобайнида 36 та хизмат тури 170 тага ортди.Тизим базасига интеграциялашган давлат идоралари сафи кенгаймоқда. Инкор этмайман, айни кунда интернет тезлиги билан боғлиқ масалалар, айрим ваколатли идораларнинг электрон базаларидаги хатоликлар туфайли фуқароларга хизмат кўрсатишда ноқулайликларга дуч келинмоқда.

Ҳатто, энг ривожланган давлатларда ҳам шундай тизимга асос солинганда худди шу каби тўсиқларни қарши олишган. Масалан, Кореяда Давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси 13 йилда мукаммаллашган. 13 йил деганда тизим худди соат милларидай ишлай бошлаган. Бизда ҳали энди уч йил бўлди. Ўйлайманки, 3 йил ичида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Маълумот учун айтсам, мамлакатда интернетдан фойдаланувчилар сони 22 миллионга, мобил интернет фойдаланувчилари 19 миллион нафарга етган. Энди уч йил мобайнида Навоий вилоятида 20 мингта хизматга одамлар марказларга келмасдан туриб, уйларидан мобил қурилмалари ёки компьютерлари орқали электрон мурожаат ташлаб давлат хизмати олганлар.Айниқса, пандемия даврида халқ уйидан чиқмай, хизмат олишга мажбур бўлди. Демак, одамларимизнинг тизим хизматига бўлган эҳтиёжи сабаб онлайн хизмат олишга бефарқ эмас.

СИР ТУТИБ НИМА ҚИЛДИК?!

Бугун Давлат хизматлари агентлиги учун энг оғир ва ечим талаб масалалари кўп орган, бу – Фуқаролик ҳолатлари далолатномалари ёзиш идораси. Жамоатчилик хабардор, мамлакатимиздаги ФҲДЁ идораларида қоғоз шаклида сақланаётган 60 миллиондан ортиқ фуқаролик далолатнома ёзувларининг қарийб 2 миллиони Навоий вилоятига тегишли.10 та туман ва шаҳар ФҲДЁ органлари архивидаги маълумотномалар тўлиқ рақамлаштирилди.

Бундан ташқари, Навоий вилоятида 2021 йилнинг 1 август ҳолатига кўра 14 200 таболага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилди. Шундан 850 дан ортиқ туғилганлик гувоҳномалари перинатал марказлари ва мобил офисларда сайёр тартибда фуқароларга топширилди.

4633 та оилага никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштирилди. Бахтга қарши 730 ажрим, 2824 ўлим ҳолати бўйича далолатнома ёзувлари киритилди...

Давлат хизматини кўрсатишдаги регламент қоидалари бузган ташкилот ва идораларга маъмурий чоралар қўлланилмоқда. Жорий йилнинг ўзида бошқарма масъуллари томонидан, шунингдек, марказ ходимлари томонидан етказилган тезкор хабарлар натижасида 3329 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Бундан ташқари, 10 та давлат ташкилотида ўрганишлар ўтказилди. Натижада 17 та тақдимнома киритилди. 60 ҳолатда жавобгар шахслар маъмурий жаримага тортилди, 62 ҳолатда бошқарма томонидан тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари тузилди. 6 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди, бир нафарининг меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Хулоса шуки, бугун 30 ёшли Мустақилликнинг 3 ёшли мўъжизаси бўлган Давлат хизматлари агентлиги халқнинг кўнглига мақбул хизматга айланмоқда. Чунки соҳа 3 йилда ўз фаолияти билан халқ ичига кира олди, эл-улус олдида ишончни оқлай билди.

Малакаси ўрганилаётган Хитой, Туркия, Озарбайжон, Кореядагидек тизим ҳали 300 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатадиган Европа давлатларидаги марказлар даражасига етади.  

Беҳзод Сафаров,

ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи