“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали масъуллари томонидан аҳолига суюлтирилган газ баллонлари узлуксиз, белгиланган муддат ва миқдорда етказиб бериляпти.
Айни қиш кунларида вилоят бўйича 513 минг 620 истеъмолчи суюлтирилган газ билан таъминланмоқда.
Аҳолини табиий газ билан таъминлаш тизими ҳам босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Истеъмолчилар эса бугунга келиб газ учун тўловни нақд пулларсиз, ID-карта воситасида амалга оширмоқдалар. Соҳадаги бу янгилик бугун қандай самара бераётганини Фарғона вилоятининг Фурқат ва Тошлоқ туманлари мисолида кўриш мумкин.
Мазкур икки тумандаги истеъмолчилар ID-карталар билан тўлиқ таъминланиб, суюлтирилган газ етказиб бериш автоматлаштирилган тизимга ўтказилган. Бу тизимдан фойдаланилаётганига кўп вақт бўлмаган эса-да, аллақачон ўзининг натижасини кўрсата бошлади. Жумладан, айни масалада аҳолидан тушаётган шикоятлар сони сезиларли камайган.
Айтгандай, вилоятнинг чегара ҳудудида жойлашган Сўх туманида ҳам аҳоли хонадонларига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришни таъминлаш борасида газ тўлдириш шохобчаси қурилиб фойдаланишга топширилди.
[gallery-5528]
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА