Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолига сифатсиз гўшт сотган сотувчига қандай чора қўлланилади?
17:53 / 2022-12-26

Юртимиздаги энг мазали таомлар гўшт билан тайёрланади. Булар қаторига хориждан кириб келган "Fast Food"лар ҳам қўшилди. Демак, аҳолининг гўшт маҳсулотларига бўлган талаби янаям ортди.

Айниқса, эшик қоқиб яқинлашаётган Янги йил байрами дастурхонини сифатли гўштлардан тайёрланган кабобларсиз, сергўшт паловхонтўрасиз тасаввур қилиш қийин.  

Хўш, республикамиз аҳолисига жорий йилда қанча гўшт етказиб берилди? Гўштнинг сифатига ким кафолат беради?  

ЎзА мухбирининг шу каби саволларига Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов жавоб берди.  

– Республикамиз аҳолисига жорий йилда қанча гўшт маҳсулоти етказиб берилди?  

– Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 1 млн. 975 минг тонна тирик вазнда гўшт (ўтган йилга нисбатан 105 фоизга ошган) етказилди.  

Жорий йилнинг тўққиз ойида республикада етиштирилган гўштнинг 55 фоизи Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳисобига тўғри келади.  

Янги йил яқинлашмоқда, одамларнинг гўшт маҳсулотига талаби байрамда ҳар галгидан ҳам кўпроқ бўлади. Байрамда аҳолига, айниқса, Тошкент шаҳри деҳқон бозорларида ташкил этиладиган ярмаркаларга 400 тонна қорамол гўшти, 255 тонна қўй гўшти, 200 тонна парранда гўшти ва 200 тонна балиқ етказиб берилади.  

– Аҳолига етказиб берилаётган гўштларнинг сифати қандай кафолатланади?  

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги «Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.  

Мазкур қарор билан аҳолига ва кушхоналарга хусусий ветеринария хизматини ташкил этиш, унинг вазифа ва функциялари ҳамда мажбуриятлари бўйича талаблар белгиланган бўлиб, талаблар бажарилганда етказиб берилаётган гўшт маҳсулотининг хавфсизлиги кафолатланади.  

Маҳсулотнинг сифат кўрсаткичлари маҳсулот етиштирувчи ёки ишлаб чиқарувчи томонидан фаолиятида қонунчиликда белгиланган талаблар ва нормаларга ҳамда стандартларга тўлиқ риоя этсагина, кафолатланади.  

Аҳоли ўз эҳтиёжлари учун ҳайвонни сўйишдан олдин ва сўйгандан кейин ветеринария кўригидан ўтказиб, маълумотномани олиб, маҳсулот хавфсизлигини кафолатлайди.  

Шунингдек, ихтисослашган сўйиш корхоналарига келтирилган ҳайвонлар ҳам мутахассислар томонидан сўйишдан олдинги ва сўйишдан кейинги ветеринария кўригидан ўтказилиб, кўрик натижасига кўра ҳайвон ёки унинг маҳсулоти хавфли ёки хавфсизлиги кафолатланади.  

– Бу йил ветеринария қўмитаси томонидан қанча сифатсиз гўшт аниқланиб, аҳолига тарқатилишининг олди олинди?  

– Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида деҳқон бозорларига сотиш учун келтирилган 88873 тонна гўшт маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиб, шундан 36,3 тонна гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, савдога чиқарилишининг олди олинди. 

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси карантин тадбирларини таъминлаш вилоят бўлинмалари билан ҳамкорликда вилоятлараро Йўл патруль хизмати постларида вилоятлардан Тошкент шаҳрига сотиш учун автотранспортларда олиб кетилаётган ветеринария ҳужжатларисиз, истеъмолга яроқсиз бўлган 3 тоннадан ошиқ гўшт маҳсулотлари ушланган ва мутахассислар иштирокида утилизация қилинган.  

– Аҳолига сифатсиз гўшт маҳсулотлари сотган сотувчиларга қандай чоралар кўрилади?  

 – Савдо нуқталарида яроқсиз хавфли гўшт маҳсулотлари сотиш ҳолатлари аниқланганда, маҳсулотлар олиниб, уни утилизация қилиш ёки зарарсизлантириш бўйича ветеринария-санитария чоралари кўрилади. Сотувчига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 109-моддаси бўйича Ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлиги учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда ҳамда 259-моддаси бўйича қоида бузувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспектори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бош давлат ветеринария инспекторлари, уларнинг ўринбосарлари, давлат чегарасидаги ва транспортдаги бош давлат ветеринария инспектори ва унинг ўринбосарлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача жарима солиш қўлланилади.  

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА