Тошкент вилоятида аҳолини бир маромда табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш йўлидаги ҳаракатлар изчил давом этмоқда. Қиш мавсумида айрим ҳудудлардаги газ таъминотидаги узилишлар бартараф қилиниб, одатдаги тартибга ўтказилган.
Бунда истеъмолчиларни белгиланган муддатларда узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш, аҳоли ва газ таъминоти ташкилотлари ўртасидаги англашилмовчиликларнинг олдини олиш, замонавий технологияларни татбиқ этган ҳолда қулайликлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раисининг ташаббуси билан табиий газ таъминотини рақамлаштириш ишлари давом этмоқда.
Қиш мавсумида газ босимида муаммо кузатилган ҳудудлардаги газ тақсимлаш пунктларида автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда. Масалан, Қибрай тумани “Янги Арғин” МФЙ Тутзор кўчасини табиий газ билан таъминловчи эскирган газ тақсимлаш пункти ўрнида автоматлаштирилган технологиялар орқали масофадан бошқариладиган газ тақсимлаш пункти ишга туширилди. Ушбу замонавий газ тақсимлаш пункти технологик йўқотишларни сезиларли даражада камайтиришга ва мазкур кўчадаги 102 та хонадоннинг газ таъминотини яхшилашга ёрдам беради.
– Таҳлилларга кўра, “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФга 2025 йил январь-март ойлари мобайнида жами 813 та мурожаат келиб тушган, – дейди Назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Дилфуза Бобобекова. – Мурожаатларда асосан айрим жойларнинг табиий газ таъминотида босим узилиши, ҳудудларни газлаштириш, тўловлар, суюлтирилган газ таъминоти бўйича ва газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатиш ва шу каби муаммолар баён қилинган. Шундан 748 та мурожаат кўриб чиқилиб, 561 таси ижобий ечим топди ва 187 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ҳозирги кунда 65 та мурожаат ўрганиш жараёнида.
Муҳими, Тошкент вилояти табиий газ истеъмолчилари билан тасдиқланган жадвалларга асосан туман-шаҳар газ таъминоти бўлимларининг ўтказаётган сайёр қабуллари, оммавий учрашувлар бу жараёнда мавжуд муаммоларни кўриб чиқишда қўл келмоқда.
А.Мусаев, ЎзА