Боёвут туманида соғлиқни сақлаш тизимида замонавий рақамлаштириш жараёнлари тўлиқ амалга оширилди. Барча даволаш ва профилактика муассасалари Ягона тиббиёт ахборот тизими (dmed.uz) билан таъминланиб, аҳолига қулай ва самарали тиббий хизматлар тақдим этиш йўлга қўйилди.
Муҳими, рақамлаштириш жараёни доирасида барча муассасалар замонавий компьютер техникалари ва локал тармоқ билан таъминланди.
Ушбу техник имкониятлар тиббиёт ходимларига беморларнинг маълумотларини тез ва самарали қайд этиш, даволаш жараёнларини назорат қилиш ҳамда давлат тиббий суғуртаси асосида хизматларни аниқ ҳисоботли кўрсатиш имконини бермоқда.

Туман ҳокимлиги ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур давомида ОАВ ходимлари муассасаларда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ва рақамлаштириш ишлари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, улар тиббиёт тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, хизматларни тезкор ва шаффоф қилиш ҳамда аҳоли учун қулайликлар яратиш бўйича атрофлича маълумот олишди.

Пресс-тур иштирокчилари тиббиёт муассасаларига шифо излаб келаётган аҳоли билан ҳам суҳбатлашди.
«Мен туманнинг Анорзор маҳалласида истиқомат қиламан, — дейди Мурод Назаров. — Кўп тармоқли марказий поликлиникага яқинларимнинг уни мақташгани учун келдим. Қувонарлиси, олдингидан фарқли ўлароқ тиббий хизматда бир қатор янгиланишлар йўлга қўйилганини кўрдим. Рўйхатга олиш жараёни электрон шаклга ўтгани биз учун қўллайлик яратди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман. Шунингдек, соҳа ходимларининг муомилалари ҳам ижобий томонга ўзгарибди. Энди тиббиёт муассасаси аҳолига яқинлашганини ҳис қиляпман. Бу фикр фақат менга хос эмас, бошқа шифо излаётган фуқаролар ҳам буни таъкидлашмоқда.


Мазкур пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олдилар ва рақамлаштириш жараёнининг аҳоли учун қандай самарали натижалар бериши ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири