Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолига кўмир тарқатилмоқда
20:17 / 2022-12-08

Бугун аҳолининг энергия ресурсларига талаби ҳар қачонгидан ҳам ортган. Электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги муаммолар сабаб юртдошларимизнинг суюлтирилган газ ва кўмирга эҳтиёжи кўпайган.

“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалидан маълум қилишларича, вилоятнинг 809 маҳалласидаги 498 мингдан ортиқ хонадон суюлтирилган газ олади. Бугунги совуқ кунларда филиалга қарашли 6 та ва 2 та хусусий газ тўлдириш шохобчаси орқали ҳар куни ўртача 250 тонна суюлтирилган газ аҳолига тарқатилмоқда. Бунинг учун 100 дан ортиқ транспорт воситасидан самарали фойдаланилмоқда.

“Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд филиали томонидан эса вилоятнинг газлаштирилмаган ҳудудларида яшовчи аҳолига маҳаллаларнинг буюртмаси асосида кўмир маҳсулотлари тарқатилмоқда.  

– Бу йилги мавсумда вилоят бўйича ижтимоий соҳа муассасаларига 46 минг 940 тонна, аҳолига эса 118 минг тонна кўмир етказиб беришимиз керак, – дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд филиали раҳбари Сайфиддин Жуманов. – Ижтимоий соҳа муассасалари шу йилнинг май-июнь ойларида зарур миқдорда кўмир билан таъминланди. Сентябрь ойидан буён темирйўл станцияларида жойлашган 8 та омбор ҳамда Қўшработ ва Ургут туманларидаги 4 та савдо шохобчамиз орқали аҳолига кўмир маҳсулотлари тарқатилмоқда. Бунинг учун ҳокимликлар томонидан маҳаллалар кесимида рўйхат ва буюртмалар шакллантирилган. Ушбу рўйхат асосида истеъмолчиларга кўмирнинг бир тоннаси 300 минг 300 сўмдан берилмоқда. Шу пайтгача келтириб тарқатилган кўмирнинг миқдори 67 минг тоннадан ошди. Жумладан, вилоятимизнинг олис ҳудудлари аҳолисига 19191 тонна, ижтимий-иқтисодий шароити оғир маҳаллаларга 17209 тонна кўмир етказиб берилди. Бугунги кун ҳолатида омборларимизда 2589 тонна кўмир бор ва туманларга тарқатиляпти. Эрта-индин яна 3450 тонна кўмир келтирилади. Йил якунига қадар белгиланган миқдорда кўмир олиб келиниб, истеъмолчиларга етказиб берилади.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА