Айни кунларда мамлакатимизда баҳорги пилла мавсуми уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.
Хусусан, Хитой Халқ Республикасидан келтирилган 256 минг қути ипак қурти уруғларини музлаткичларга жойлаштириш ва жонлантиришга қўйиш, инкубаторияларни мавсумга тайёрлаш, наслли ипак қурти парваришлаш ва уруғ тайёрлаш ҳамда “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида тут кўчатларини экиш давом этмоқда.
Жумладан, Хоразм вилоятида 35 минг 351 қути ипак қурти уруғи инкубаторияларга жойлаштирилди. Ҳозирда барча туманларда жонланган ипак қурти уруғларини аҳолига тарқатиш ишлари авж паллада. "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси масъуллари томонидан ҳар бир туманларда ипак қурти тарқатилиши ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кузатув ишлари олиб борилмоқда.
– Пилла уруғлари икки кун давомида хона ҳароратида сақланди, –деди "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раисининг ўринбосари Ҳамид Очилов. – Ҳозирги кунда хона ҳарорати 22 градусга тенг. Уруғларни жонлантириш давом этмоқда. Ишчи гуруҳ билан биргаликда вилоятдаги ипак қурти уруғларини тарқатиш ишларини назорат қиляпмиз. Кузатувлар давомида Хива тумани Журен қишлоғи, Янгиариқ туманининг Таган, Кармиш ҳудудларидаги инкубаторияларда уруғларни жонлантириш жараёнларини кўздан кечирдик. Шунингдек, ипак қурти уруғлари, аванс пулларининг тарқатилиш жараёнларини назорат қилиб, инкубистлар ҳамда ипак қурти боқувчиларига келгуси режалар бўйича тушунтириш ишларини олиб бордик.
Гулноза Бобоева,ЎзА