Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолига индивидуал ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатилади
10:25 / 2023-06-06

Янги фармон

Сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя соҳасига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди. Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.

Шу билан бирга, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати эса 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробарга оширилди. Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди.

Умумман олганда, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, аммо ўтган вақт давомида тўпланган тажриба ҳамда янгиланган Конституцияда меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлишининг белгиланганлиги мазкур соҳани ягона ёндашув асосида ислоҳ қилиш зарурлигини тақозо этмоқда.

Шу боис жорий йил 3 июнь куни қабул қилинган “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони бу борада бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Сабаби, фармон орқали давлат томонидан бир қатор аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда. Жумладан, эндиликда комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини жорий қилиш, самарадорлиги ва манзиллилигини ошириш орқали аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасигача ташкил этиш, оғир аҳволга тушиб қолган аҳолига индивидуал ёндашувга мувофиқ ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.

Яъни эндиликда ҳар бир фуқарога қайсидир йўналишдаги ижтимоий рўйхатларда турганлиги учун эмас, уларнинг ижтимоий ҳолати, бу вазиятга тушиб қолиш сабаблари ўрганилган ҳолда давлат томонидан кўрсатилаётган қайси ёрдам тури орқали нафақат уни, балки у орқали бошқа оила аъзоларининг ҳам ижтимоий ҳолатини яхшилаш чоралари амалга оширилади.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий суғурта механизмлари билан қамраб олинишини кенгайтириш, хавф гуруҳларига тушиб қолган оилаларни аниқлаш ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали уларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Фармонда белгиланган чора-тадбирларни ҳаётга ўз вақтида ва тизимли татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилмоқда.

Эндиликда аҳолининг ижтимоий ҳимояси ва мослашувига бевосита дахлдор бўлган тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари каби бир қатор ташкилотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилиб, ягона тизим орқали бошқарилади.

Шунингдек, 2024-йил 1 январдан бошлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидан болалар уйлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан меҳрибонлик уйлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тизимидан вояга етмаганлар билан ишлаш секторлари ҳамда оилавий болалар уйлари ҳам агентлик тасарруфига ўтказилади.

Ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш мақсадида 2023-йил 1 июлдан бошлаб агентликнинг туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳи ташкил этилиб, ҳар бир хонадон аҳволи ўрганилиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжлари аниқланади.

Умуман олганда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг йўлга қўйилиши сўнгги йилларда бу борада бошланган ишлар самарасини янги босқичга олиб чиқишга ҳамда асосий Қонунимизда белгиланган Ўзбекистон ижтимоий давлат тамойилини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА