Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳолига арзон ва сифатли дори воситалари етказиб бериш тизими йўлга қўйилади
15:55 / 2022-02-01

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, юртдошларимизни арзон ва сифатли дори воситалари, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Айниқса бу борада сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида сезиларли натижаларга эришилди.

Жумладан, дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, улар 5 йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, дори-дармон воситалари учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар сезиларли равишда оширилди. Хусусан, 2017 йилда дори воситалари ва тиббий буюмлар учун Республика бюджетидан 0,4 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлса, 4 йил давомида бу кўрсаткич уч баробардан ортиққа оширилиб, 2020 йилда 1,4 трлн. сўм маблағ ажратилди.

Республикамизнинг бир қатор вилоятларида «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Натижада Ўзбекистоннинг фармацевтика бозорида ўсиш динамикаси йилига 8-10 фоизни ташкил этиб, Ўзбекистон фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозорга айланди. 
2021 йил якунига кўра, Ўзбекистон фармацевтика бозорида 9000 турдаги дори воситалари, 1684 турдаги тиббий буюмлар ва 1529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Бугун қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони орқали мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб берувчи 100 та мақсадларни амалга оширилиши натижасида ушбу соҳадаги кўрсаткичлар янада янги босқичга кўтарилади. 

Хусусан, тараққиёт стратегиясининг 57-мақсадида назарда тутилган вазифаларнинг ҳаётимизга босқичма-босқич татбиқ этилиши натижасида Давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш тизими яратилиб, тиббий асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш бўйича алоҳида корхона ва унинг 13 та ҳудудий бўлимлари ташкил этилади.

Шу билан бирга, 58-мақсадга кўра, дори-дармон ва тиббий буюмлар муомаласини тартибга солиш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериш тизимини такомиллаштириш изчил давом эттирилиб, дори-дармон ва тиббий буюмларни олис ҳудудлар ва маҳаллалар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий механизмлар асосида етказиб бериш йўлга қўйилади.

Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2022 йил — «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 228-бандида ҳам аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон маҳсулотлари билан таъминлаш, уларнинг нархини асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ноқонуний фармацевтик фаолият ва рецептсиз дори-дармон воситаларини, жумладан, кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш тартибини бузганлиги учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўтказиладиган текшириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш механизмлари белгилаб берилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, аҳолига соғлиғи учун зарарсиз бўлган арзон ва сифатли дори-дармон воситаларини ўз вақтида харид қилиш имконияти яратиб берилади.

Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати