Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли хонадонларига энергия тежамкор газ ёндиргичлари ўрнатилмоқда
16:25 / 2023-05-04

Бугунги кунда дунёнинг аксарият давлатларида электр энергия тақчиллиги кузатилаётганлиги боис энергия самарадорлиги ва тежамкорлигига эришиш асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда юртимизда ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан амалий ишлар бошланган. Бунда Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.  

Қарорда энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳанинг энергия сарфи ҳажмини кескин камайтириш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш белгиланган. Ҳозирда “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ортиқча сарфни камайтириш мақсадида аҳоли хонадонларининг қозонхоналаридаги (маънан эскирган, қўлбола) ёндиргичлар (горелкалар) замонавий иссиқликни автоматик равишда бошқарувчи ва хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган газ ёндиргичларга алмаштирилиб келинмоқда.  

– Ушбу замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари фойдаланилган табиий газни тахминан 30-35 фоизга иқтисод қилади, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали сервис хизматини ривожлантириш бўлими бошлиғи Фахриддин Жумаев. – Бу эса нафақат газ тежалиши, балки оила бюджетига ҳам фойда. Истеъмолчиларимиз учун энергия тежамкор ёндиргичларнинг афзал томонлари кўп. Масалан, у хавфсиз ҳисобланади, яъни босим пасайиб-кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади. Аҳоли хонадонларида ўтказилаётган тарғибот тадбирларимизда бу ҳақида тушунчалар бермоқдамиз.  

Истеъмолчиларнинг ўзида маънан эскирган газ жиҳозларини энергия тежамкор ёндиргичларга алмаштириш истаги пайдо бўлаётгани қувонарли, албатта. Айни пайтда вилоятда 105 минг 79 та табиий газдан фойдаланувчи истеъмолчи мавжуд бўлиб, газ жиҳозлари сони 229 минг 724 тани ташкил этади. Шундан 192 711 таси замонавий, энергия тежамкор ёндиргичлардан иборат. Шу кунга қадар аҳоли хонадонларига 13 минг 240 та замонавий, энергия тежамкор ёндиргичлар ўрнатилиши таъминланди. Шунингдек, вилоятда 2 минг 941 та улгуржи истеъмолчи мавжуд бўлиб, улардаги замонавий энергия тежамкор ускуналар сони 3 минг 891 тани, маънан эскирганлари эса 1 минг 633 тани ташкил этади. Бугунги кунга қадар улгуржи истеъмолчиларнинг 656 та маънан эскирган газ жиҳозлари ўрнига замонавий, энергия тежамкор бўлган ускуналар ўрнатилди.  

А.Бўриев,  

ЎзА