Юртимизда жорий йилнинг 1 январидан 30 январига қадар қиш мавсумини беталафот ўтказиш, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши, ёнғинлар ва бошқа нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида “Хавфсиз хонадон ойлиги” эълон қилинган. Ойлик доирасида хонадонлар, қурилиш ва ижтимоий соҳа объектлари, бозорлар ва бошқа объектларда тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда.
Бу жараён Навбаҳор туманида ҳам қизғин давом этмоқда. “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти бўлими масъул ходимлари маҳаллалар ва ижтимоий объектларда истеъмолчиларнинг табиий ҳамда суюлтирилган газга оид хавфсизлик қоидаларига риоя этишлари юзасидан тарғибот тадбирларини олиб боряпти. Шундай тадбирлардан бири туманнинг Бурқут маҳалласида бўлиб ўтди.

Мазкур маҳаллада 595 та аҳоли хонадони табиий газ билан газлашган. Хонадонма-хонадон ўтказилган тарғиботларда табиий газдан тўғри фойдаланиш, ҳаво-газ аралашмаси чақнаши, ис газидан огоҳ бўлиш, ностандарт газ печлари ўрнига энергия тежамкор замонавий иситиш ускуналаридан фойдаланиш афзалликлари бўйича кенг маълумот берилди. Мавжуд печлар дудбуронлари текширилиб, сўнг ундан фойдаланиш зарурлиги, акс ҳолда ис гази билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши мумкинлиги ҳар бир фуқарога ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.

Маҳалладаги Чориқул ота Саидов беш фарзанднинг отаси, 17 та набиранинг бобоси. Чориқул ота бундан 1,5 йил олдин хонадонида хавфсизлик автоматикасига эга, газ кам сарфлайдиган икки контурли иситиш қозонини ўрнатган.
– Табиий газдан жуда ҳушёр бўлиб фойдаланиш керак, – дейди Ч.Саидов. – Икки контурли иситиш қозонини ҳар куз-қиш мавсуми олдидан ишлатишдан олдин албатта, дудбуронларини текшириб кейин фойдаланаман. Болаларим, набираларимга ҳам газдан хавфсиз ва тежамкор фойдаланиш зарурлигини уқтираман.

Шунингдек, тарғиботлар давомида газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, газ плиталар устида кир ёймаслик, газ печларини ёш болаларга ишониб топширмаслик ва бошқа ҳолатлар юзасидан ҳам тушунчалар берилди. Хавфсизликка оид эслатмалар тарқатилди.

– Навбаҳор туманида умумий газлашган хонадонлар сони 11 минг 995 тани ташкил этади, – дейди тумангаз газ таъминоти бўлими ходими Турсун Қодиров. – 26 та маҳаллага табиий газ етказиб берилади. Бугунги кунда барча маҳаллалар ва ижтимоий соҳа объектларида хавфсизликка оид тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиб келяпмиз. Шу билан бирга тежамкорлик ҳам кенг тарғиб қилиняпти. Ўтган 2025 йил давомида туман бўйича 985 та энерготежамкор замонавий газ горелка ўрнатилди. “Хавфсиз хонадон ойлиги” доирасида мазкур тадбирларимиз янада кучайтирилган. Асосий мақсадимиз эса аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Профилактик тадбирлар ижтимоий объектларда ҳам давом этмоқда. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасида 15 та замонавий иситиш қозонхоналаридан фойдаланилади. Тиббиёт бирлашма хўжалик ишлари бўлими мудири Носир Норовнинг таъкидлашича, тежамкор ускуналар ўрнатилгани ҳисобига газ сарфи камайиб, 5-6 миллион сўмгача маблағ тежалмоқда.
Ўтган 2025 йил давомида аҳоли хонадонларига 15,6 минг донадан зиёд табиий ва суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланишга оид эслатмалар тарқатилди. Айни пайтда ойлик доирасидаги профилактик тадбирлар давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири