Шарҳ
Шу йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимиз ривожи истиқболларини баҳолаш тизимини яратиш учун зарур маълумотлар базаларини шакллантириш мақсадида 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади.
Хўш, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишдан асосий мақсад нима, унинг қандай аҳамияти бор? Юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни қандай?

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Юсупов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда демографик ва иқтисодий жараёнларни тўлиқ таҳлил қилиш, барқарор ривожланиш стратегиясини белгилаш йўлида муҳим аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг бош мақсади — мамлакатдаги аҳоли сони, унинг жинсий ва ёш таркиби, ижтимоий ҳолати, бандлик даражаси, таълим ва турмуш даражаси ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумот йиғишдан иборат. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигидаги ер майдонлари, ҳайвон зоти, деҳқон ва фермер хўжаликлари сони, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича ҳаққоний статистик маълумотлар яратилади.
Шунга кўра, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш учун 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида Европа статистиклари конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида ягона маълумотлар базасини шакллантириш кўзда тутилмоқда.
26 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, чорва моллари ва паррандалар сонини аниқлаш орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағлари самарали сарфланишини, соҳадаги хизматлар ҳажмини аниқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўпламини яратиш мақсад қилинган.
Айтиш керакки, рўйхатга олиш тадбирлари орқали давлат иқтисодий сиёсатни илмий асосда белгилайди. Масалан, аҳолининг ўсиш суръати ва жойлашувига қараб янги уй-жойлар, мактаблар, шифохоналар қуриш режалари шакллантирилади. Қишлоқ хўжалигида эса ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Рўйхатга олиш ишлари халқаро стандартлар асосида, замонавий рақамли технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Электрон планшетлар, геоахборот тизимлари ва маълумотлар базалари орқали маълумот йиғишнинг аниқлиги ва тезкорлиги таъминланади.
Рўйхатга олиш жараёнида ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки жуда муҳим. Бу нафақат давлат учун, балки ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро учун ҳам манфаатлидир. Чунки тўпланган маълумотлар орқали келгусида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари аниқланади ва зарур ислоҳотлар амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент фармони билан амалга ошириладиган ушбу тадбир Ўзбекистонда илмий асосланган давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш сари қўйилган муҳим қадамдир. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш — мамлакатнинг келажак ривожланиш дастурларини белгилашда ишончли маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА