Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунландими? (+видео)
16:12 / 2026-03-02

Маълумки, Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилди. Рўйхатга олиш тадбирида аҳолимиз фаол иштирок этиб, уларга “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари яқиндан ёрдам берди. Юртимизда рўйхатга олиш тадбирларининг қандай ўтгани, юрт равнақи йўлида аҳамияти ва масъул ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари хусусида Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов билан суҳбатлашдик.

- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш қай тартибда амалга оширилди ва жараёнлар тўлиқ якунландими?      

- Ўзбекистон РеспубликасиПрезидентининг 2025 йил 19 сентябрдаги 173-сон Фармонига мувофиқ, мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири икки босқичда амалга оширилди.

Аввало қайд этиш жоиз: бу рўйхатга олиш Ўзбекистон тарихида тўлиқ рақамлаштирилган, замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этилди ва қамрови бўйича энг йирик тадбирлардан бири бўлди. 2026 йил 15-31 январь кунлари census.stat.uz портали орқали онлайн рўйхатга олиш ўтказилди. Қисқа муддат — 17 кун ичида жами хонадонларнинг 82.3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ аҳоли саволномани мустақил тўлдириб, онлайн рўйхатдан ўтди. Бу натижа, бир томондан, юртдошларимиз фаоллиги ва масъулиятини, иккинчи томондан эса рақамли хизматлардан фойдаланиш маданиятининг изчил ўсиб бораётганини кўрсатади. Шу ўринда оммавий ахборот воситаларида олиб борилган кенг қамровли тушунтириш ва тарғибот ишлари, маҳалла тизими ва давлат органлари ва ташкилотларининг уюшқоқликда олиб борган фаолияти юқори натижага эришишда муҳим омил бўлганини алоҳида таъкидлаймиз. Онлайн босқичда қатнашмаган ёки маълумотларни хатолик билан киритган фуқаролар 4–28 февраль кунлари ўтказилган иккинчи босқичда қамраб олинди. Бу босқичда маҳалла еттилиги вакиллари уйма-уй юриб планшетлар орқали, маълумотларни тўғридан-тўғри электрон платформага киритиб бордилар. Рўйхатга олиш якунларининг дастлабки маълумотларига кўра, республика бўйича жами 8.3 миллион хонадонларда яшовчи аҳоли тўлиқ қамраб олинди. Бу жараёнда қўшимча турар жой объектлари, жумладан янги қурилган уй-жойлар аниқланди. Айрим ҳолатларда хонадон аъзоларининг вақтинча хорижда бўлиши ёки бошқа объектив сабаблар туфайли уйда бўлмаслиги натижасида кам сонли фуқаролар рўйхатга олиш жараёнида иштирок эта олмаган бўлиши мумкин. Ушбу фуқаролар аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкил этилган 1851 қисқа рақамли колл-марказига қўнғироқ қилишса, қайта ўрганишни амалга оширувчи статистика органи ходимлари уларнинг хонадонларига бориб, рўйхатга олиш ишларини ўтказишлари мумкинлигини маълум қиламиз. Бу ҳолатлар халқаро амалиётда ҳам учрайди ва умумий натижаларнинг ишончлилигига таъсир кўрсатмайди — чунки кейинги таҳлил босқичларида статистик усуллар, маъмурий манбалар ва таққослаш механизмлари орқали маълумотларга аниқлик киритилади.  

- Рўйхатга олиш жараёнларида рақамли технологиялардан қанчалик самарали фойдаланилди?  

- Рўйхатга олиш жараёни тўлиқ рақамли тизим асосида амалга оширилди: ҳар бир шахснинг маълумоти ЖШШИР орқали текширилди. Агар маълумот онлайн ёки уйма-уй босқичда такрор киритилган бўлса, тизим автоматик равишда бундай ҳолатларни аниқлаб, фақат битта ёзувни қабул қилди. Яъни, маълумотлар сифатини таъминлашда инсон омилини камайтирувчи автоматик назорат механизмлардан фойдаланилди. Халқаро тавсияларга мувофиқ, маълумотларнинг аниқлиги ва сифатини баҳолаш мақсадида рўйхатга олиш натижаларини қайта ўрганиш ишлари ҳам ташкил этилади. Бунинг учун тасодифий танлаб олинган хонадонларга мутахассислар қайта ташриф буюради. Одатда бундай қайта текширувлар умумий қамровнинг ўртача 5-10 фоизи доирасида амалга оширилади. Бизда ҳам 10 фоизгача қамров асосида қайта ўрганиш режалаштирилган. Шу муносабат билан, агар жорий йилнинг март ойида статистика ходимлари қайта ўрганиш мақсадида хонадонингизга ташриф буюрса, буни тўғри қабул қилиб, аниқлик киритиш учун бериладиган қисқа саволларга жавоб беришингизни сўраймиз. Рўйхатга олиш жараёни якунлангани билан якуний рақамлар дарҳол эълон қилинмайди. Айрим давлатлар тажрибасида натижалар 2–3 йил давомида қайта ишланиб, босқичма-босқич эълон қилинган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бизда эса маълумот киритиш жараёнининг ўзидаёқ реал вақт режимида мантиқий назорат механизмлари жорий этилгани сабабли қайта ишлаш жараёни нисбатан тезлашади. Ҳозирда онлайн ва уйма-уй юриб йиғилган маълумотлар ягона базада жамланмоқда, техник ва мантиқий текширувдан ўтказилмоқда, шунингдек номувофиқлик ҳолатлари бўйича қўшимча таҳлиллар амалга оширилмоқда. Шу асосда дастлабки натижалар 2026 йил 1 июлига қадар, якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган маълумотлар эса 2027 йил 1 июлига қадар эълон қилиниши режалаштирилган. Эълон қилинадиган рақамлар — шунчаки йиғилган маълумот эмас, балки бир неча босқичли текширувдан ўтган, аниқлаштирилган ва расмий тасдиқланган ишончли натижалар бўлади.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6-4QcIKjifA" title="Aholi va qishloq xo‘jaligini ro‘yxatga olish yakunlandimi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА