Юртимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом этмоқда. Жорий йил 31 январь куни мазкур тадбирнинг биринчи босқичи якунланиб, навбатдаги – иккинчи босқичга старт берилди.
Қашқадарё вилоят статистика бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳасан Тўйчиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда вилоятда тайёргарлик ишлари белгиланган муддатларда ва тегишли талаблар асосида амалга оширилган.
Айни пайтда шаҳар ва туманлардаги 776 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 4 минг 303 та ҳисоб участкаларида рўйхатга олиш жараёнлари олиб борилмоқда. Биринчи босқич якунларига кўра, вилоят бўйича мавжуд 711 минг 172 та хонадондан 604 минг 122 таси, яъни 85 фоизи онлайн тарзда рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 94 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонлар тўлиқ рўйхатга олинди.

Бу борада ташаббускорлик ва масъулият билан иш ташкил этган маҳалла фаоллари ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдирилиб, уларни рағбатлантириш чоралари ишлаб чиқилди. Вилоят ҳокимининг 2026 йил 17 январдаги фармойишига мувофиқ, рағбатлантириш мезонлари 5 та йўналишда белгиланди.
Жумладан, аҳолини онлайн рўйхатдан ўтказишда энг яхши натижа қайд этган 2 та туман (шаҳар) ҳокимликларига инфратузилмани яхшилаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетидан 2 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. “Биз келажагимизга бефарқ эмасмиз” ғояси асосида сўровномани тўлиқ онлайн тарзда якунлаган 3 та маҳаллада йўлларни асфальтлаш, трансформатор ўрнатиш, пиёдалар йўлакчалари ва мини стадионлар барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнини биринчилардан бўлиб якунлаган 3 та энг илғор “маҳалла еттилиги” вакиллари Хитой, Туркия, Жанубий Корея каби хорижий давлатларга тажриба алмашиш учун юборилади. Энг фаол мактабгача, мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш тизимида ғолиб бўлган ҳудудий бўлим раҳбарларининг ҳам хорижий хизмат сафарида қатнашиши кўзда тутилган. Ғолибларни тақдирлаш харажатлари вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағлари ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишларининг самарадорлиги, аввало, фуқароларнинг ушбу жараён моҳиятини тўлиқ англаб етишига боғлиқ. Шу боис оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам ташкил этилмоқда.
Қайд этилишича, вилоятда хорижий фуқароларни рўйхатдан ўтказиш мақсадида 65 та хостел, 288 та меҳмон уйи ва 51 та меҳмонхона “E-Mehmon” электрон дастурига уланган ҳолда фаолият олиб бормоқда.
Фармонга мувофиқ, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш орқали мавжуд мол бош сони, ер ресурслари каби муҳим кўрсаткичлар ҳам баҳоланмоқда. Хусусан, вилоятнинг соҳил бўйи ҳудудларида жами 7 минг 642 гектар сув фонди ерлари мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 908 гектари қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқли ҳисобланади.

Энг муҳими, рўйхатга олиш натижасида аҳоли ва қишлоқ хўжалиги бўйича тўлиқ, аниқ ва ишончли маълумотлар шаклланади. Бу маълумотлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, онлайн рўйхатдан ўтмаган аҳолининг 15 фоиздан ошмаган қисми жорий йил 4 февралдан бошлаб “маҳалла еттилиги” вакиллари иштирокида 14 кун муддатда тўлиқ қамраб олиниши белгиланган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари