Пойтахтимизда миллий статистика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган “Миллий статистикада янги босқич: шаффофлик ва халқаро стандартлар сари” халқаро амалий конференция ва матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири, миллий статистика тизимида амалга оширилаётган ишлар ва методологик ўзгаришлар, қўлланилаётган халқаро стандартлар ва уларнинг амалдаги ижроси бўйича фикр алмашилди.
Хусусан, аҳолини рўйхатга олишда замонавий технологиялардан фойдаланиш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, халқаро тажриба ва аниқликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Рўйхатга олиш жараёнидаги ташкилотчилик ишлари, маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлашни рақамлаштириш, аҳолини қамраб олишнинг самарали механизмлари ҳақида таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Таъкидланганидек, рўйхатга олиш тадбири Президентимизнинг жорий йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонига асосан 2026 йил 15 январдан 28 февралгача ўтказилади.
Жараён икки босқичда ўтказилади: биринчи босқич – онлайн бўлиб, фуқаролар сайт орқали OneID тизими ёрдамида мустақил равишда маълумот киритади. Иккинчи босқичда 25 кун давомида “Маҳалла еттилиги” аъзолари уйма-уй юриб маълумот йиғишади. Йиғилган маълумотлар халқаро стандартлар асосида қайта ишланади.
Сўровнома жами 71 та саволдан иборат бўлиб, уларнинг 54 таси аҳолига, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид. Саволлар демография, бандлик ва даромад, турар жой шароити, чорвачилик, ер ва экин майдонлари каби масалаларни қамраб олади.
Кейинги муҳокамада янги аниқланган ҳажмларни акс эттириш мақсадида ялпи ички маҳсулотни қайта ҳисоблаш натижалари тақдим этилди. Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев томонидан қайта ҳисоблаш жараёнлари, маълумотлар манбалари интеграцияси ҳамда иқтисодий фаолият турлари бўйича аниқлик киритиш амалиёти батафсил тушунтириб берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/6Yt0b342vKo" title="Aholi va qishloq xo‘jaligini ro‘yxatga olish 15 yanvardan 28 fevralgacha o‘tkaziladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева,
Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА