Термиз шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Миллий статистика қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ва алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида 2026 йил 15-31 январь кунлари давлат муассасалари, корхона ва ташкилотлари ишчи-ходимлари ҳамда талабаларни census.stat.uz портали орқали тизимли ва сифатли рўйхатдан ўтказиш жараёнларига бағишланган семинар ўтказилди.
Президентимизнинг шу йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони 8-банди ижросини таъминлаш юзасидан ташкил этилган тадбирда вилоят, туман ва шаҳар статистика органлари, барча корхона ва ташкилотлар мутасаддилари, кадрлар бўлими ходимлари иштирок этди.

Семинарда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Жараённи ўтказиш тартиб-таомиллари тушунтирилди. Рўйхатга олишнинг дастлабки 17 кунида census.stat.uz портали орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилгани, кейинги бир ой давомида “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида уйма-уй юриб маълумот йиғилиши таъкидланди. Фармонда давлат органлари ва ташкилотлари 2026 йил 15 январдан 31 январга қадар ўз тизимида фаолият юритаётган барча ходимларнинг census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтишини таъминлаш юзасидан тегишли вазифалар топширилгани қайд этилди. Тизимда рўйхатдан ўтиш тартиби, техник талаблар ва амалий босқичлар ҳақида атрофлича маълумот берилиб, тақдимотлар ўтказилди.
Тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири