Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.
Унга мувофиқ, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли муҳофаза қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланди. Улар:
а) ҳудудларда фавқулодда вазиятларнинг барвақт олдини олиш ва оқибатларини камайтириш фаолиятини устувор вазифа сифатида қабул қилиш орқали маҳаллалар даражасида кенг қамровли профилактика механизмларини яратиш ва самарали татбиқ қилиш;
б) энергетика, йирик ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш объектларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфни бошқариш, техноген аварияларни ўз вақтида бартараф этишнинг янги стандарт ҳамда методикаларини ишлаб чиқиш ва фавқулодда вазиятлар шароитларида ҳаракатланиш амалиётида йўлга қўйиш;
в) фавқулодда вазиятлар йўналишида давлат назорати шаклларининг талаблари ҳамда меъёрларини замон талабларига мос равишда қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини белгилаш;
г) фавқулодда вазиятлар хавфини бартараф этиш соҳасига сунъий интеллект, робототехника ва замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, мазкур ҳолатларнинг олдини олишга масъул идора ва ташкилотларнинг ахборот тизимларини ягона технологик платформага бирлаштириш;
д) барча бўғиндаги фавқулодда вазиятлар органлари учун кадрлар ва раҳбарларни мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича дуал таълимга асосланган яхлит, узлуксиз ўқув тизимини йўлга қўйиш, мазкур жараёнга ўқитишнинг илғор педагогик усулларини татбиқ этиш;
ж) фавқулодда вазиятларнинг мониторинги ва уларни прогнозлаш, шунингдек, аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар, техноген авариялар ва ёнғинлар хавфидан муҳофаза қилиш соҳасида манзилли илмий- инновацион ва синов-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш.
Фармон билан:
а) Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш концепцияси;
б) 2025-2027 йилларга мўлжалланган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури;
в) 2025-2027 йилларга мўлжалланган фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича ишчи комиссия таркиби тасдиқланди.
2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида меҳнат шартномаси асосида хизмат қилаётган шахсий таркибга имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлашда:
а) 2014-2024 йиллар давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув бўлинмаларида, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимида бўлган профессионал ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларида хизматчиларнинг қутқарув ишлари ҳамда ёнғинларни ўчириш билан боғлиқ фаолияти меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказилган деб ҳисобланади;
б) 2020 йил 1 январга қадар Ички ишлар вазирлиги тизимидаги профессионал ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларида меҳнат фаолияти қутқарув ишлари ва ёнғинларни ўчириш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга оширган хизматчиларнинг иш стажи қутқарувчи мақомидаги иш стажига тенглаштирилади.
ЎзА