French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизими жорий этилади
20:42 / 2024-06-30

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган "Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси" электрон платформаси жорий этилади ва мазкур платформа 2025 йил 1 январдан ишлай бошлайди.

Мазкур тизимнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади.

аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш;

коррупцияга қарши курашишга масъул ҳамда коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларидаги ходимларнинг билим, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш;

давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва сертификатлаш ҳамда сертификат олган давлат хизматчиларининг реестрини юритиш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар, эришилган ютуқлар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш;

коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.

Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Агентлик ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилади. 

Академия:

Виртуал академиянинг узлуксиз ишлашини, ўқув контенти ва материаллари билан мунтазам тўлдирилиши ва янгилаб борилишини таъминлайди;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқув жараёнини ташкил этади, шу жумладан ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади, ўқув курслари ҳақидаги маълумотларни Виртуал академияда жойлаштиради;

тингловчиларнинг билимларни ўзлаштириши натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини шакллантиради, ўқув курсларини тамомлаган шахсларнинг реестрини юритади;

ўқув жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини, шу жумладан хорижий экспертларни жалб қилади.

Виртуал академияда ўқитиш қуйидаги контингент учун олиб борилади:

аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари;

таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари;

давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматчилари;

давлат иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари.

Ўқитиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида базавий ҳамда махсус ўқув курслари бўйича йўлга қўйилади. 

Базавий ўқув курсларида ўқитиш барча фойдаланувчилар учун бепул асосда ташкил этилади. Махсус ўқув курсларида малака ошириш тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

Давлат хизматчиларига Виртуал академиянинг махсус ўқув курсларида малака ошириш мажбурий ҳисобланади. 

Давлат хизматчиси ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида ўқув курсидан ўтади, малака оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади.

Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи ходимлар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади.

Давлат хизматчилари ҳисобланмайдиган шахсларни махсус ўқув курсларида ўқитиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

ЎзА