Президент ташрифидан сўнг...
Мамлакатимизда рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Йирик лойиҳалар ортидан яратилаётган янги иш ўринларидан ҳудудлар аҳолиси мамнун.
Бу борада сўз борганда бугун эркин иқтисодий зоналарда янги, юқори технологик ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш борасидаги ишларнинг аҳамияти катталиги ҳақида тўхталиб ўтиш ўринли.
Мавзуни Фарғона вилоятидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси фаолияти, у ерда ташкил этилган лойиҳалар мисолида давом эттирамиз.

Ушбу эркин иқтисодий зона жами тўрт ҳудуддан иборат бўлиб, қарийб 714 гектар майдонда жойлашган. Ҳудудга умумий қиймати 684 миллион доллар бўлган 130 та инвестицион лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда иқтисодий зонада 311 миллион долларлик 85 та лойиҳа ишга туширилган. 8 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 27 июль куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ушбу эркин иқтисодий зонада яқинда очилган “BNBM Building Materials Central Asia” корхонаси фаолиятини кўздан кечирган эди.
Тўғридан-тўғри 30 миллион долларлик хориж инвестицияси йўналтирилган бу корхонада икки юзта янги иш ўрни яратилган. Бу ерда йилига ўттиз миллион квадрат метр гипсокартон ва тўрт миллион квадрат метр декоратив гипсокартон ишлаб чиқариш қуввати яратилди.
Президентимиз ҳар бир ҳудуднинг “ўсиш нуқталари”ни ривожлантириб, одамларга иш ўрни ва даромад манбаи яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсади эканини кўп таъкидлайди.

Дарҳақиқат, “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жорий йил давомида умумий қиймати 373 миллион доллар бўлган 45 та йирик саноат лойиҳаси фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу иш амалга оширилса қўшимча 6 минг 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси иштирокчи корхоналари томонидан 2023 йил 3 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши белгиланган. Йил якунига қадар 120 миллон долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши кутилмоқда.
Энди умумий рақамлардан аниқ бир инвестицион лойиҳага атрофлича тўхталамиз. Учкўприк туманидаги «Mollis» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасига эътиборингизни қаратамиз.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг июль ойидаги ўша ташрифи доирасида қатор янги мажмуаларни ишга тушириш маросими ҳам ташкил этилганди. Улар орасида «Mollis» текстиль корхонасининг йигирув, тўқув, бўяш, тикув каби босқичларни қамраб олган лойиҳаси ҳам бор эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BusR7sopay0" title="Аҳоли учун янги иш ўрни ва даромад манбаи яратишга қаратилган йирик лойиҳалар кўпаймоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Вилоят иқтисодиёти ривожида пахта ва тўқимачилик саноатининг ҳиссаси катта. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 123 миллиард сўм бўлиб, йилига 17 миллион донадан ортиқ тўқимачилик ва текстиль маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Биз ишни хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган босқичлар кетма кетлигида ташкил қилганмиз, – дейди «Mollis» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шавкат Ражабов. – Лойиҳа доирасида беш юзга яқин янги иш ўрни яратилди. Корхонамизда Хитой ва Туркиядан замонавий техника ва ускуналар олиб келинган. Бу бизга йигирув, тўқув, бўяш ва тикув жараёнларини ўзимизда бажариш имконини бермоқда. Натижада 150-200 хилдаги тайёр кийим-кечакларни экспорт қиляпмиз. Мамлакатимизда яратилаётган бундай тадбиркорлик муҳитидан, қўллаб- қувватлашдан янада самарали фойдаланишимиз керак.
Корхонанинг умумий ер майдони 8 гектар бўлиб, 56 минг метр квадратли бино ва иншоотларда иш жараёнлари ташкил этилган. Йиллик экспорт ҳажми 8 миллион доллар атрофида бўлиши кўзда тутилган.
Бу каби йирик лойиҳалар ҳудудларда аҳоли учун янги иш ўрни ва даромад манбаи яратаётгани билан янада аҳамиятлидир.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири