Аҳоли учун янги имконият
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Маҳаллақози маҳалласида истиқомат қилувчи Дилором Насуллаева маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим Дилноза Сафарованинг ўрганишлари сабаб ҳаётида туб бурилиш ясади. Дилором опанинг соғлиги кўриб чиқилиб, унга 2-гуруҳ ногиронлик белгиланди. Шунингдек, унга нафақа ва бола учун ҳам нафақа тайинланди. Бугунги кунда турмуш ўртоғи билан уч нафар фарзандни тарбияламоқда.
2024 йилги совуқ қиш мавсуми ҳам Дилором опа оиласига оғир синов бўлди. Газ ва электр тўловлари ҳар ойда ортиб бораётган бир пайтда, у давлат томонидан кўрсатилаётган энергия харажатлари учун компенсация дастурига киритилди. Бу нафақат моддий ёрдам, балки унга ишонч, хотиржамлик, келажакка умид олиб келди.

Президентимизнинг 2025 йил 2 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида компенсация олувчиларни рўйхатга олиш ишлари бошланган. Бу орқали яна кўплаб Дилором опага ўхшаган инсонлар давлат ҳимоясига олинмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.