Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик
17:52 / 2025-11-13

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва профилактик тиббиётни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

14 ноябрь – Халқаро диабетга қарши курашиш куни. Шу муносабат билан “Адолат” социал-демократик партияси томонидан 4-14 ноябр кунлари Республика миқёсида “Қандли диабетга қарши курашиш ҳафталиги” акцияси  эълон қилинди.

Хоразм вилоят эндокринология диспансерида ташкил этилган тиббий кўрикда  малакали эндокринолог, невропатолог, ревматологлар, тиббиёт мутахассислари фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.  

Дунёда энг кўп тарқалган касалликлардан бири қандли диабет. У секин, лекин хавфли кечадиган, бутун организм фаолиятига таъсир этувчи хасталикдир. Шу боис мамлакатимиз бўйлаб аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, қандли диабетни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш мақсадида  тиббий кўриклар ўтказиб борилади, – дейди  шифокор Шокир Эшметов. – Акциянинг асосий мақсади аҳоли орасида  қандли диабет касаллиги ҳақидаги билимларни янада ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш профилактика ва эрта ташхис қўйиш ишларини кучайтиришга қаратилди.

Мутахасислар ҳар бир фуқаронинг қон таркибидаги глюкоза миқдорини текшириб, диабет хавфи бўлган ҳолатларни эрта босқичда аниқламоқдалар. Тиббий кўрикка келганларга шу ернинг ўзида УЗИ ва ЭКГ тиббий  ускуналари орқали текширувлар амалга оширилди.  Кўрик давомида фуқароларнинг қандли диабет ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя этиш  тўғрисидаги билимлари ҳам мустаҳкамланди.

– Тиббий кўрик давомида биз нафақат соғлигимиз ҳақида маълумот олдик, балки қандли диабетнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳақидаги билимларимизни ҳам мустаҳкамладик, – дейди урганчлик Гавҳар Қурбонова. – Тиббиёт ходимлари ва партия фаолларига катта раҳмат. Оиламиз билан бирга шифокорлар кўригидан ўтдик. Шунингдек, УЗИ ва ЭКГ ускуналари текширувларидан ҳам ўтдим.  

Мазкур тиббий кўрик Урганч шаҳар “Гулзор” маҳалла фуқаролари йиғинида ҳам давом этди.  

Бу ерда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар ва  маҳалла аҳолиси бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, эндокринология диспансери шифокорлари томонидан касалликни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

– Уй-рўзғор юмушлари билан бўлиб, шифокор кўригидан ўтишга вақт топа олмаётган эдим, – дейди Бикажон Болтаева. – Тиббиёт ходимлари соғлигимизга бефарқ бўлмай, маҳалламизга келиб, кўрик ташкил этишди. Менда диабет аниқланмади, аммо қон босимим юқорилиги сабаб муолажа олишни тавсия этишди. Шу билан бирга, қандли диабетнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимларимни бойитиб олдим.

Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ҳамкорликда олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар  халқимизнинг тиббий маданиятини юксалтириш   учун хизмат қилади.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари