Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли “СOVID-19” га қарши эмланади
17:57 / 2021-03-25

Ҳозир мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш жараёни халқимиз ҳаёти учун энг муҳим ва долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Хусусан, барча ҳудудларда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам тез орада аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади.

Шу кунларда ҳудудларда вакцина билан эмлашга тайёргарлик жараёнлари ниҳоясига етказилди. Мазкур соҳада олиб борилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Оққўрғон туманида ОАВ ва блогерлар учун “СOVID-19 билан боғлиқ бугунги вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик” мавзусида медиа-тур ўтказилди.

Тошкент вилоятида 2 та вакциналарни сақлаш совутгич омборхонаси қурилган. Биринчиси вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси қошида, иккинчиси Оққўрғон туманида жойлашган. Журналистлар туман санитария-эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими қошидаги совутгич омборхонасининг янги биноси фаолияти билан таништирилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур омборхона ЮНИСЕФ ташкилотининг беғараз 900 миллион сўм маблағи ҳисобига қурилди. Омборхона ҳароратни бир меъёрда ушлаб турувчи жиҳозлар, музлаткичлар билан таъминланган. Бу ерда ҳозир жами 13 турдаги турли касалликларга қарши вакциналар сақланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 15 февралдаги "Коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш жараёнларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида"ги тегишли буйруғи асосида вилоят Соғлиқни сақлаш, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармалари, туман ва шаҳар ҳудудларида алоҳида штаблар тузилди. СOVID -19 га қарши эмланиши лозим бўлган шахсларнинг электрон рўйхати шакллантирилди.

Эмлашдан сўнг ножўя реакциялар аниқланган ҳолатда шошилинч ёрдам кўрсатадиган шифохоналар ва реаниматолог шифокорлар белгилаб қўйилди. Эмлаш ўтказиш даврида даволаш-профилактика муассасалари ва “103” тез ёрдам хизмати учун қўшимча ёқилғи-мой маҳсулотлари, эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш ва етарли миқдорда транспорт воситалари ажратиш масаласи бўйича вилоят ҳокимликларига кўрсатма хатлар чиқарилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Тошкент вилояти бўйича 85 ва ундан юқори бўлган узоқ умр кўрувчиларнинг 15 минг 591 нафарининг рўйхати шакллантирилди. Шунингдек, 41 минг 12 нафар 75-84 ёшли, 65-74 ёшгача 112 минг 941 нафар аҳоли коронавирусга қарши эмлаш учун режага киритилган.

– Эмлаш учун беморларнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, улар биринчилар қаторида эмланиши кўзда тутилган, – дейди вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси бошлиғи Абдуҳаким Сотиболдиев. 

– Улардан кейин 47 минг нафар тиббиёт ходими, 50 минг 332 нафар мактаб ўқитувчиси, 16 минг 923 нафар МТМ тарбияланувчисини эмланиши кўзда тутилган. Муҳими, фуқароларда вакцина эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнида гигиеник қоидаларига риоя қилиш мақсадида, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 14 турдаги ШХВ ларидан тақсимот қилиниб, шаҳар ва туманларга захира сифатида олиб қўйилди.

 

–Жорий йилнинг 1-7 март кунлари 1501 нафар тиббиёт ходимларини ўқитиш ва тайёргарликдан ўтказиш ишлари олиб борилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева. — Шунингдек, 27 февраль – 2 март кунлари “COVID-19” га қарши вакцинацияни жорий этиш бўйича тренерларни тайёрлаш мавзусида ўқув машғулотлар ўтказилди. Ушбу машғулотларда АКТ ходимлари томонидан emlash.uz программасига рўйхатга киритиш бўйича вилоят бошқарма ходимларига ахборот берилди.

Патронаж тиббиёт ходимлари томонидан эмланган шахсларни эмлаш кунида чақириб келиши бўйича участкалар кесимида шаҳар ва туманларда шакллантирилди. Эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида тиббий назоратни олиб бориш бўйича ҳар бир эмлаш пунктида кутиш хоналарини ташкиллаштириш режалаштирилмоқда. Кейинчалик 3 кун давомида уйига борилиб, мунтазам кузатиб борилиши бўйича топшириқлар берилди.

Марказдан ва аҳоли яшаш пунктларидан узоқда жойлашган ҳудудлардаги эмлаш пунктларида 53 та автотранспорт воситалари бириктирилган. Вилоят бўйича 331 та шифокор, 623 нафар вакцинаторлар ва уларнинг дублёрлари, 597 нафар регистраторлар, 60 та ҳаракатдаги бригадалар ташкил этилди.

Барча шаҳар ва туманларга эмлаш бўйича кураторлар ажратилган. Жумладан, ҳудудларда маҳалла фаоллари ҳамда аҳоли ўртасида эмлаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирги кунга қадар, 5248 та хонадонда суҳбат ўтказилди.

Медиа-тур иштирокчиларига мазкур саъй-ҳаракатларнинг амалий намунасини кўрсатиш мақсадида тумандаги 34- қишлоқ оилавий поликлиникасида яратилган шароитлар кўрсатилди. У ерда мутахассислар томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

А. Мусаев, ЎзА