Маълумки, жамоат транспорти шаҳар ҳаётининг энг муҳим воситаларидан бири саналади. Ўтган йилнинг декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлди. Давлат раҳбарига шаҳар кўчаларида тирбандликни камайтириш, жамоат транспорти хизматларини яхшилаш, қатновлар тезкорлиги ва хизмат сифатини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг ойлик маошини ошириш борасида кўрсатмалар берган эди.
Хўш, ҳозирги кунда бу борада қандай ўзгаришлар амалга оширилди?
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълум қилишича, давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини тезкор ва сифатли таъминлаш мақсадида, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ биносида Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Транспорт вазирлиги ходимларидан тузилган идоралараро тезкор штаб аъзолари томонидан аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича, идоралараро тезкор штаб томонидан техник носозлик билан автосаройга қайтаётган автобусларни таъмирланиш жараёнлари текширилди.
Шунингдек, автосарой ишчиларига яратилган шарт-шароитлар, уларнинг иссиқ овқат билан таъминланиши, йўналишга чиқаришдан аввал автобуснинг салонидаги иссиқлик тизими ишлаётганлиги, автосаройлар махсус суюқликлар, автошиналар ва аккумуляторлар билан таъминланганлиги, фавқулодда вазият юзага келганида ҳайдовчи ва чиптачиларнинг ўз ҳаракатларини билишлари текширилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, сўнгги йилларда кўплаб турар жойлар қурилди, аҳоли сони ошди, шаҳар ҳудуди ҳам кенгайди. Бу талабга жавоб бериш учун «Тошшаҳартрансхизмат» тизимида автобуслар етишмаяпти.
ЖАМОАТ ТРАНСПОРТИ ЕТАРЛИМИ?
Пойтахтимизда кунига 1 миллион 300 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Аммо бу талабни қондириш учун жамоат транспорти сони етарлими?
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълум қилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда 153 та йўналишга 1 063 та автобус чиқариш режалаштирилган.
Тошкент шаҳри кўчаларидаги (А.Навоий, Беруний, Амир Темур ва "Фарғона йўли" кўчаси) автобуслар ҳаракати учун 3 та алоҳида йўлаклар ажратилди.
Жумладан, автобуслар учун алоҳида 5 та йўлак ташкил этилиши бўйича Амур Темур, Алишер Навоий, "Рихсилик" ва "Фарғона йўли", "Бектемир" шох (4Р2) кўчалари белгилаб олиниб, А.Навоий кўчасида 4 км, А.Темур кўчасида 21 км. ва "Рихсилий" кўчасида 3 км., Бектемир шох кўчаси (4Р2) 2 км. жами 30 км. йўлга ётиқ чизиқлар чизилди. Шунингдек, ЙҲҚнинг 5.9 ва 5.10.3 «Йўналишли транспорт воситалари учун мўлжалланган тасма» 105 дона йўл белгилари ўрнатилди. Автобус бекатларига ЙҲҚни 5.12 йўл белгилари 52 дона ўрнатилди.
Қолаверса, автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилган А.Темур, Рихсилий ва Навоий кўчаларининг йўл қатнов қисмига жамоат транспортларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида автобуслар бўлагини ажратиб турувчи 1.1 йўл ётиқ чизиғи ёнига 836 дона махсус тўсиқлар (фишка, баландлиги 70 см.) ўрнатилди.
Йўналишларга автобусларни қўшимча жалб этиш, уларнинг техник соз ҳолатда бўлишини таъминлаш борасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Узоқ муддатдан бери таъмирталаб 146 та автобус таъмирланди.
Бундан ташқари, бир кунда 48 та, тадбир бошидан 2 107 та автобус тезкор жорий таъмирланиб йўналишларга чиқарилди.
Автобуслар сонини кўпайтириш учун вазирлик ва идоралардан қўшимча 55 та идоравий автобус вақтинча жалб этилди (Ички ишлар вазирлигидан 30 та, Миллий гвардиядан 25 та), «Самавто» заводидан 178 дона янги автобуслар олиб келинди.
Натижада ҳар куни йўловчиларни ташишга жалб этилган автобуслар сони кунлик ўрта ҳисобда 1 070 тага 23 фоизга кўпайган. Тирбанд йўналишларга 80 дона автобусни қўшимча жалб этиш имконияти яратилди.
...Автобуслар ҳаракатланиши оралиғи 10 дақиқагача қисқаришига, ташиладиган йўловчилар сони 12 фоизга ошишига эришилди. Ҳайдовчиларни жамлаш бўйича, саройлари Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бириктирилди. ИИВга – 7, 8 ва 18-автосаройлар, Миллий гвардияга – 1, 2, 5-автосаройлар, ФВВга – 4, 12-автосаройлар бириктирилди.
Автобус йўналишларида йўл инфратузилмаси билан боғлиқ 86 та камчилик аниқланиб, 85 таси бартараф этилди. 916 км. йўл чизиқлари янгиланиб, қўшимча 157 дона йўл белгилари ўрнатилди. 5 та тирбанд кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратилиб, барча зарурий йўл чизиқлари ва йўл белгилари билан қайта жиҳозланди.
Шунингдек, автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилган «А.Темур» ва «Рихсилий» кўчаларининг йўл қатнов қисмига жамоат транспортларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида автобуслар бўлагини ажратиб турувчи 1.1 йўл ётиқ чизиғи ёнига 836 дона махсус тўсиқлар ўрнатилди.
Мазкур «А» йўлакларга 55 дона интеллектуал видеокамера ўрнатилиб, енгил автомашиналар белгиланмаган жойларда тўхтаб туриши, автобусларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш ҳолатларига барҳам берилмоқда.
ЧОРА-ТАДБИРЛАР...
Жорий йилнинг 23 январь кунидан бошлаб, ўқув даври бошланиши муносабати билан Идоралараро тезкор штаб ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти томонидан йўловчиларни жамоат транспорти билан ўз вақтида ва сифатли таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, эртага Тошкент шаҳридаги 153 та «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ 148, «РAФ» МЧЖ 2 ва “Aвтотранссервис» МЧЖ 3 йўналишлари бўйлаб жами 1072 та автобус йўлга чиқиши режалаштирилган. Бу эса ўртача 500 минг нафардан ортиқ йўловчини ташиш имконини беради.
Жамоат транспортининг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида барча мавжуд автобуслар техник кўрикдан ўтказилди. Шуни ҳам айтиш жоиз, пойтахтимиздаги 2 424 та автобус бекатидан 2 308 таси ўрганилганда 691 та камчилик аниқланган. Шундан 640 таси бартараф этилди.
Яна бир маълумот, 3ТМ, 2GIS, Яндекс мобил иловалари ёрдамида кунлик йўналишга чиқарилаётган автобус тўғрисидаги маълумотларни онлайн режимда олиш имконияти яратилди.
Бугунги кунда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида 148 та йўналиш мавжуд. Йўловчилар оқимининг кўпайиш прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспортининг 167 та йўналишдан иборат янги тармоғи шакллантирилди. Бу йўналишларни таъминлаш ва Тошкент шаҳрида жамоат транспортига бўлган талабни тўлиқ қондириш учун яна 1000 та катта сиғимли автобус зарур. Бу орқали автобусларнинг оралиқ интервали 7-10 дақиқагача қисқартирилади.
Автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари кўтарилдими? Бу саволга ҳайдовчиларнинг ўзидан жавоб оламиз.
– 29 йилдан буён ҳайдовчиман, – дейди 8 йўналишда хизмат кўрсатувчи ҳайдовчи Акромжон Собиров. – 2022 йилнинг декабрь ойида Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан, ҳозирги кунда автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари 2 баробарга оширилган. 2022 йилнинг декабрь ойи учун автобус ҳайдовчиларига ҳисобланган ойлик маошларнинг энг ками 5 миллион, энг кўпи 12 миллион сўмни ташкил қилган. Илгари 4 миллион 700 минг ойлик олсам, ҳозирда 11 миллион ойлик ажратилишини айтган эди. Бир кунда 18 тагача рейс планини бажаришимиз керак. Кўпинча тирбандликлар бўлиши, светофорлар ишламай қолиши, йўл таъмирланиши, йўлга паласалар чизилиши, айрим сабабларга кўра кўчаларнинг ёпилиши натижасида белгиланган планни бажара олмай қоламиз.
Натижада ойлик маошимиз белгиланган нормадан кам чиқади. Бундан ташқари, автобуслар оралиқ интервали чўзилиб, автобусда тирбандликлар юзага келади. 11 миллион ойлигимдан планни бажара олмаганимиз учун 9 миллион 700 сўм олдим. Планни бажара олмаганим сабабларини айтсам, буни нима бўлишидан қатъи назар, амаллашингиз керак эди, дейди. Йўл таъмирланиши, йўлларнинг ёпилишига ҳайдовчи айбдор эмаску. Буни ҳисобга олса бўлар эди...
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА