Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 1,2 миллиарди ичимлик суви борасида хавфсизлиги таъминланмаган.
Ичимлик суви таъминотини ташкил қилишда ва ичимлик суви тармоқларидан фойдаланиш жараёнида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этилмаслиги аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда муаммоларга сабаб бўлади. Яъни, аҳоли ўртасида юқумли ичак касалликлари тарқалиши, ҳаттоки фавқулодда ҳолат юзага келиши мумкин.

Шу боис, мамлакатимизда сув манбалари ва аҳолига бериладиган сувни микробиологик ва кимёвий ифлосланишдан муҳофаза қилишни таъминлаш борасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан доимий назорат олиб бориш йўлга қуйилган.
Мамлакатимизда аҳолини ичимлик суви билан таъминловчи 960 та коммунал ва 4 минг 483 та қишлоқ ҳамда идоравий сув иншоотлари рўйхатга олинган. Улардан 239 таси йирик аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлайди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 112 та санитария-гигиена лабораторияларида сувни санитария-кимёвий кўрсаткичлар бўйича, 201 та бактериология лабораторияларида, 15 та вирусология лабораторияларида ва 17 та ўта хавфли юқумли касалликлар лабораторияларида микробиологик кўрсаткичлар бўйича ичимлик суви лаборатория таҳлилидан ўтказиб борилади.
2022 йил давомида марказлаштирилган коммунал ичимлик суви тармоғидан бактериологик таҳлилга олинган сув намуналарининг 9,2 фоизи, қишлоқ водопроводларидан олинган сув намуналарининг 14,7 фоизи санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига жавоб бермаган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасида “Аҳолининг тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминланиши, тиббиёт муассасаларида сув таъминотининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
– Республика бўйича фаолият юритаётган 10 минг 526 та даволаш-профилактика муассасаларининг 5 минг 964 таси марказлаштирилган ичимлик сув тармоғига уланган, – деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси ўринбосари Нурмат Отабеков. – 3 минг 510 таси маҳаллий, яъни ўз ҳудудидан чиқарилган сув таъминоти, яқин ҳудудлардаги ичимлик сув манбаидан ташиб келинадиган сув билан таъминланган. Маҳаллий иншоотлардан ичимлик суви таъминланаётган муассасаларнинг аксарияти бинолари ичига ичимлик суви тармоғи киритилмаган. Шу боис, тиббиёт ходимлари томонидан ташиб олиб кирилади.
Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова аҳоли саломатлигини сақлашда сувнинг аҳамияти ҳамда сув билан таъминлашдаги ҳуқуқий асослар ҳақида сўз юритди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда журналистларнинг саволларига жавоб берилди.
М.Қосимова, ЎзА