French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида
10:35 / 2022-04-28

Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш инсон саломатлиги учун ниҳоятда аҳамиятли эканини пандемия даври кўрсатди.

Шу боис мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, тиклаш ва реабилитация ишлари ҳамда оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ва самарали ташкил қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.  

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳоли, шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу аҳоли саломатлигини, қолаверса, ёшларнинг куч ва имкониятларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда амалга оширилаётган ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаш ишларини тизимли ташкил этиш, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Буни Ўзбекистон ёшларининг Олимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари, халқаро мусобақаларда эришаётган юксак натижалари мисолида кўриш мумкин.

Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ва Ўзбекистонда Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13-февралдаги “2019-2023 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги, 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорлари мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шу йилнинг 1 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда соҳадаги ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, йил давомида 6 миллион ўғил-қизни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш, бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирларини ўтказиш вазифаси қўйилди. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратиладиган бўлди. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, республика аҳолисини оммавий спортга жалб этиш учун 2021 йил мобайнида 110 мингдан ортиқ оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, аҳолининг 26,7 фоизи жалб қилинган бўлса, 2022 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 33 фоизга етказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадларни амалга оширишда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар муҳим аҳамият касб этади.

Бу борадаги вазифалар соҳадаги ҳар бир муассаса ва масъуллар зиммасига катта вазифа ва масъулият юклайди. Шу жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда асосий иштирокчи бўлиши лозим.

Жамшид Умаров,  
ЎзДЖТСУ Жисмоний тарбия назарияси ва услубияти  
кафедраси мудири, профессор 

ЎзА