Бундан қарийб икки йил муқаддам, яъни 2021 йилнинг 16 июнида давлатимиз раҳбарининг «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган эди.
Унда 2022 йилдан бошлаб ҳар йили март ойи якунига қадар ҳудудлар кесимида спорт синовларини ўтказиш вақти, жойи ва спорт иншоотларининг манзиллари, ҳакамлар ҳақидаги ва бошқа батафсил маълумотларни Жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари платформасида жойлаштириб бориш ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш вазифаси қўйилганди.
Хўш, мазкур қарор ижроси қандай таъминланяпти? Ўтган йили жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари платформасида қанча киши иштирок этди? Жойларда спорт синовларини ўтказишда мутахассисларнинг иштироки қандай кечди?
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида куни кеча Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан ҳудудлар кесимида спорт синовларини ўтказиш вақти, жойи ва спорт иншоотларининг манзиллари, ҳакамлар ҳақидаги батафсил маълумотлар Жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари порталига жойланди.
Айтиш лозим, жисмоний тайёргарлик даражаси – халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, унинг даражасини белгилаш мезони саналибгина қолмай, ҳар бир инсон саломатлигини баҳолашда, аҳолининг баркамоллигини таъминлашда, мониторинг қилишда, миллий генофондимизни тизимли тарзда соғломлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу қарор жисмоний қобилият ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш ҳамда зарарли одатлар ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қолаверса, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини оширишда, ёшларда ўз куч ва имкониятларига ишонч фазилатларини мустаҳкамлашда, жисмонан бақувват, салоҳиятли бўлган Ватан мудофаасига муносиб захира кадрларни тайёрлашда жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш зарур омил саналади.
Бундан ташқари, аҳолининг жисмоний тайёргарлигини баҳолашда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш тузилмаларини ишга тушириш воситаси ҳамдир. Аҳолининг жисмоний тайёргарлик тизимида ўтказиладиган спорт синовлари махсус ва ихтиёрий равишда аҳолининг 7 ёшдан 75 ёшгача бўлган қатлами ва ундан катталар ўртасида ўтказилиши қарорда кўрсатиб ўтилган.
Эътиборлиси, спорт синовлари иштирокчиларига 11 та ёш тоифаси бўйича эгаллаган ўрни ва даражасига қараб спорт разрядлари ва унвонлари берилиши, рағбатлантирилиши кўрсатилган. Спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишони билан ҳамда ғолиблар I, II, ва III даражали дипломлар билан тақдирланиши назарда тутилган. Синовларни муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида имтиёзлар ва рағбатлантиришлардан фойдаланиши мумкин бўлади.
Қарор бандлари, унда кўрсатилган имтиёзлар ва рағбатлар кишини спорт билан, жисмоний машғулотлар билан ошно тутинишга чорлайди, албатта. Аммо икки йил муқаддам қабул қилинган қарорнинг айрим бандлари ҳудудлардаги соҳага масъулларнинг совуққонлиги натижасида ҳали-ҳануз ўз ижросини топмагани, аҳоли саломатлигини белгилаш тизимидаги баъзи масалалар ўз ечимини кутиб тургани ҳам бор гап.
Куни кеча Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан жисмоний тайёргарлик даражаси спорт синовлари портали https://jtdss.uz/post/view/570 ишга туширилгани эса ушбу ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ечими бўлади, деган умиддамиз.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА