Мамлакатимизда йил сайин соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорликни юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори даражага кўтарилмоқда.
Айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни ривожлантириш, педиатрия ва ихтисослаштирилган клиникалар тармоғини кенгайтириш, кам таъминланган оилаларни тиббий қўллаб-қувватлаш, тизимни рақамлаштириш ҳамда инновацион технологияларни жорий этилаётгани қувонарли бўлмоқда.

Тошкент вилоятида ҳам бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йилда 12 та оилавий поликлиника, 28 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилди ва бунинг натижасида 400 мингдан ортиқ аҳолига тиббиёт янада яқинлаштирилди. Ўпка касалликларини барвақт аниқлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан “Isuzu” автобуси учун маблағлар ажратилди ва тиббий жиҳозлар билан жиҳозланди. Ҳозирда мобиль тиббий автобус аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилда хусусий клиникалар томонидан 185 минг 493 нафар беморга стационар шароитда даволаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, вилоятда тиббий туризмни ривожлантириш бўйича 2025 йил мобайнида хусусий клиникаларда қўшни ва чет эл давлатларидан келган 4 минг 597 нафардан ортиқ бемор даволаниб йиллик тушум 8 миллиард сўмдан оширилди.
Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилоят филиалида кардиохирургия хизмати жорий қилиниб, интервенцион ангиография аппарати ўрнатилди. Бу қулайликдан ҳам аҳоли мамнун. Сабаби шу хизматга эҳтиёжи бор беморлар энди бошқа жойларга бориб, ортиқча вақт ва харажат сарфламайди.

Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, бу марказда айнан кардиохирургия хизматини ташкил этилганидан сўнг 600 дан зиёд коронарография текширув усули, 400 нафардан ортиқ беморга юрак тож томирлари стендлаш амалиёти ва 50 нафар беморга кардиостимулятор ускуналари ўрнатилди. Эътиборлиси, шу вақтгача кардиостимулятор ускуналари ўрнатиш амалиёти вилоятда жорий этилмаган эди.
– Яқинда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ноёб операция ўтказилди. Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида “кесарча кесиш” йўли билан муддатидан аввал дунёга келган Сиам эгизаклари туғруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинди. Ҳозирги кунда чақалоқларнинг умумий аҳволи яхши ҳолатда ўз уйларида шифокорлар назорати остида доимий кузатувда, – дейди Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Феруза Раҳматуллаева.
Вилоятнинг бошқа ҳудудидаги Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида Янгийўл шаҳар Соғлиқни сақлаш бўлими ташкил этилиб, унинг таркибида 435 ўринли марказий шифохона, 1 минг 35 қувватга эга II типдаги иккита оилавий поликлиника ташкил этилди. Чиноз тумани туғруқ комплекси инвестиция дастурига киритилиб 4,5 миллиард сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари, Юқори Чирчиқ ва Бўка туманларидаги тиббиёт муассасаларда ҳам капитал таъмирлаш, қурилишлар қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Айниқса, “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” лойиҳаси доирасида барча тиббиёт муассасаларда 5 та мақсад, 18 та йўналиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар томонидан жами 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, тиббиёт ходимларига ва аҳолига қатор қулайликлар яратилди. Масалан, жарроҳлик ва туғруқ заллари учун электрон бошқариладиган жарроҳлик столи, жарроҳлик лампаси, сунъий нафас олиш ва наркоз аппаратлари, электрон бошқариладиган туғруқни қабул қилиш столлари, ҳомиланинг юрак уришини назорат қилиш учун замонавий кардиотахографлар, чақалоқларнинг вазнини аниқ ўлчайдиган электрон тарозилар ва бошқа турдаги тиббий анжомлар билан жиҳозланди.

Ушбу тиббий анжомлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида барча шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди. Жумладан, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Корея Республикаси Кёнгидо вилояти губернатори ўртасида соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Икки давлат ҳудудлараро тиббиёт алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари О.Султонбеков бошчилигида Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги раҳбар ходимлар иштирокидаги делегация Корея Республикаси Кёнгидо вилоятида бўлиб, меморандум имзолашга эришилди.
Шунингдек, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов ҳамда Москва вилояти Соғлиқни сақлаш вазири Максим Забелин ўртасида бир қатор ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланди. Ўқув дастури доирасида назарий маърузалар билан бир қаторда амалий машғулотлар ҳам ўтказилмоқда.
Ҳозирги кунга келиб Корея Республикасига 11 нафар ва Россия Федерациясига 26 нафар тиббиёт ходимлари юборилиб, тиббиётнинг турли йўналишларида малака оширмоқда. Умуман олганда, ҳудуд тиббиётини янада ривожлантириш борасидаги сарҳисоб қилишга арзийдиган ишлар жуда кўп. Бундан, аввало, халқимиз манфаат топаётгани эса қувонарлидир.
А.Мусаев,ЎзА.