Бухоро шаҳридаги Диагностика марказида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактик тадбирларни кучайтиришга қаратилган “Саломатлик марафони” оммавий тадбири ташкил этилди.
Тадбирда мобил поликлиника, кўчма DELFT рентген аппарати, мобил маммограф, ультратовуш текшируви, электрокардиография, лаборатория хизматлари ҳамда ижтимоий дорихона фаолияти йўлга қўйилди. Тез ёрдам ташаббуси билан 80 нафар ётоқдаги, кам таъминланган аҳоли ва уруш фахрийлари тиббий кўрикка олиб келинди.

Тиббиёт институтининг малакали шифокорлари иштирокида жами 345 нафар фуқаро кўрикдан ўтказилди. Натижада 94 нафарда касаллик аниқланиб, 73 нафарга амбулатор, 11 нафарга стационар даволаш тавсия этилди. 1 нафар бемор қайта текширувига йўналтирилди. Шу билан бирга, шаҳардаги 11 та оилавий поликлиникада бир вақтнинг ўзида кунлик тиббий кўриклар ташкил этилди. Уларда 3554 нафар аҳоли кўрикдан ўтказилиб, 25 нафарида бирламчи касалликлар аниқланди.

Тадбир доирасида шаҳарнинг 45 та мактабида фаолият юритаётган 63 нафар мактаб ҳамшираси учун репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи ва тиббий саводхонлик бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Шу кунга қадар марафон доирасида 38 456 нафар аҳоли тиббий хизматлар билан қамраб олинди. Айниқса, камбағал оилалар реестрига киритилган фуқаролар ҳам қамровга олиниб, айримларига бепул даволаниш учун йўлланмалар берилди.

“Саломатлик марафони” аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим амалий аҳамият касб этмоқда. Саломатлик Марафони Бухоро шаҳрида жорий йилнинг 5 февраль кунига қадар давом этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.