Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли саломатлиги йўлида тиббиётнинг янги даври бошланмоқда
16:43 / 2020-11-10

Президентимиз раислигида жорий йил 6 ноябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизимда мавжуд муаммолар комплекс таҳлил қилиниб, соҳани ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло ИНОЯТОВ ЎзА мухбирига мазкур йиғилишда тизимни ривожлантириш, хусусан соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, хорижий тиббиёт марказлари ва олийгоҳлари билан илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш борасида белгилаб берилган вазифалар аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

– Эндиликда тиббиёт ходимлари бирорта қўшимча ишга жалб қилинмайди. Тиббиёт йўналиши ходимларини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда алоҳида топшириқ берди. Бир қарашда оддий кўринган ушбу ҳолат йиллар давомида тизим фаолияти самарадорлиги, сифати, умуман олганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг барча бўғинларига салбий таъсир кўрсатиб келган эди.

Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокор штати мавжуд бўлгани ҳолда бирламчи тиббиёт бўғини – касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишга масъул бўғинда 12 минг мутахассис ишлаётганининг ўзиёқ муаммонинг кўлами кенглиги ва жиддийлигидан далолат беради, албатта.

Шу боис давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.

Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантиришимиз, улар ҳар бир хонадонда 5 нафар фуқаро бўладиган бўлса, демак ўшаларнинг ҳар бирининг организмини алоҳида билиши, алоҳида ўрганиши зарур. Халқимизнинг дори-дармон билан эмас, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш орқали соғлом бўлишига эришишимиз лозим.

Оилавий шифокорларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобиль диагностика воситалари билан таъминланади.

Беш ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олинади.

Яна бир янгилик – олис ва чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокорлари” дастури жорий қилинади.

Келгуси йилда тиббиёт олийгоҳлари бўлмаган Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сирдарё вилоятида тиббиёт олийгоҳларининг филиаллари ёки факультетлари ва клиник базалари, жумладан, нуфузли хорижий тиббиёт олийгоҳларининг қўшма таълим дастурлари ташкил этилади. Ҳар бир вилоятда Сирдарё вилояти тажрибаси асосида тиббиёт кластерлари ташкил этилади.

Давлат бюджети ҳисобидан жуда қиммат тиббий асбоб-ускуна, айниқса пандемия даврида энг замонавий жиҳозлар олиб берилди. Аммо, бу жиҳозлар бугун самарали ишлаяпти, дея айта олмаймиз.

Эндиликда аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида замонавий тиббий кластер яратилади. Тиббий кластернинг таркибида кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам алоҳида ўрин олади. Бир сўз билан айтганда, тиббий кластер барча йўналиш бўйича касалхоналарни бир манзилга мужассамлайди. Бу ерда биринчидан, бошқарув тизими такомиллашади. Иккинчидан, ўша ердаги моддий техник база мустаҳкамланади. Энг муҳими, халқимиз кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланади.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА ёзиб олди, ЎзА