Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аҳоли саломатлиги – улкан бойлик
19:02 / 2021-05-21

Муносабат

Аҳоли саломатлиги улкан бойлик бўлиб, жамиятнинг барқарор ривожланиши гаровидир. Бунда эса, соғлиқни сақлаш соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожлантириш, давлат секторини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини самарали шакллантириш, тиббий хизматлар экспортини ривожлантиришга кенг эътибор қаратиш зарур.

Бу каби жиҳатларга ўз вақтида эътибор қаратилиши соҳанинг тараққий этишида қай даражада муҳим эканлигини биргина 2020 йилдан буён бутун дунё тиббиёт тизими учун синов бўлиб келаётган пандемия даврининг ўзи ҳам яққол кўрсатиб берди. Жумладан, ўтган қисқа вақт давомида фуқароларимиз соғлиғини асраш ҳамда пандемиянинг таъсирини камайтириш мақсадида хусусий тиббиёт тизимининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, соҳага малакали мутахасисиларни жалб қилиш ва мавжуд кадрлар малакасини оширишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган бир йилда пандемия таъсирини юмшатиб, тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. 2021 йилда соҳага бюджетдан 21 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ дегани. 2021 йилнинг ўтган беш ойи давомида уч марта, шундан май ойининг ўзида икки марта давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳага оид видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Аммо юқоридаги каби ижобий ҳолатлар билан биргаликда жойлардаги масъулларнинг соҳа ривожига қаратилган ислоҳотларни ўз вақтида амалиётга татбиқ этмаганлиги кўплаб мавжуд муаммоларнинг сақланиб қолишига, соҳага ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиб аҳоли норозилигига сабаб бўлишига олиб келмоқда. Жумладан, жойларда ўтказилган сўровларда бор-йўғи 13 фоиз аҳоли тиббиётдаги ижобий ўзгаришларни сезаётганини айтиб ўтишган.

Президентимиз раислигида 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида юқоридаги каби муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган бешта йўналиш белгилаб берилди.

Хусусан, бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш, тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш каби устувор вазифалар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга видеоселектор йиғилишида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда оилавий шифокорлар малакасини ошириш, “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларга мутахассисларни жалб қилиш, оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда штатлар нормативи, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малака талаблари, жиҳозлаш стандартларини такомиллаштириш вазифалари белгилаб берилди. Шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта оператор-ҳамшира вазифаси жорий этилади.

Бу каби ишларнинг амалга оширилиши қишлоқларда истиқомат қилиб келаётган минглаб оилаларнинг тиббий хизматга бўлган розилиги ортиб, кўплаб касалликларни бошланғич босқичида аниқлаб, беморларни ортиқча овворагарчилик ва харажатларсиз даволаш имконини беради. Шу билан бирга 1 июлдан бошлаб сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш бўйича янги тизим жорий этилади. Хусусан, биринчи босқичда Сирдарё вилоятида оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар орқали, эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган юрак ва қон-томир касалликларини даволаш учун аҳоли дори воситалари билан бепул таъминланади. Шунингдек, бир ой муддатда бирламчи бўғинда даволашда фойдаланиладиган бепул тиббий хизматлар пакети амалиётга жорий этилади.

Юқоридаги каби мақсад ва вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши эса бевосита биз халқ вакилларидан катта масъулият талаб қилади.

Эндиликда парламент назорати ва жамоатчилик ўрганишлари орқали тиббий хизмат бошқарувини оптималлаштириш, инфраструктурани яхшилаш, тиббий хизмат нормативлари ва стандартларини ишлаб чиқиш, дори-дармон таъминотини яхшилаш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жадал татбиқ этиш бўйича белгилаб олинган аниқ режа ва дастурларни назорат қилиб бориш бош мақсадимизга айланиши лозим.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси