Сўнгги йилларда мамлакатимизда поликлиникалар ва қишлоқ шифокорлик пунктлари фаолиятини яхшилаш, аҳолига яқин жойда сифатли диагностика ва даволаш тадбирларини ташкил этиш, даволаш муассасаларида электрон тизимларни жорий этиш, замонавий ускуналар ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлаш, уларнинг нархини назорат қилиш, соҳани молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш, мутахассисларнинг билим ва малакасини ошириш, хусусий тиббиёт муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва соҳада рақобатни ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 4-сонли Оилавий поликлиника “Қизилқум”, “Тадбиркорлар”, “Ипак йўли”, “Наврўз”, “Навбаҳор”, “Науқанбағ”, “Бес тобе”, “Шодли овул”, “Жайхун” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ҳудудлардаги ҳар бир икки минг нафар аҳоли сонига битта бригададан, жами 18 та бригадага бўлинган. Уларнинг ҳар бирига оилавий шифокор, икки нафар патронаж, бир нафар амалиётчи ҳамда доя ҳамшира бириктирилган. Поликлиника бўйича жами 29 нафар шифокор, 18 нафар жарроҳ, 36 нафар патронаж ходим, 7 нафарпатронаж доя ҳамда 29 нафар тор мутахассис тиббий хизмат кўрсатади. Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича ишлаб чиқилган DMED тизими бўйича белгиланган вақтда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
– Ҳукуматимиз томонидан ҳозирги вақтда бирламчи тиббий ёрдамга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Оилавий поликлиника бош шифокори Муборак Айтжанова. – Шунинг учун ҳар йили даволаш муассасасини замонавий асбоб-ускуналар ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш яхши йўлга қўйилган. Хусусан, поликлиникага 2024 йилда 1 миллиард 200 миллион сўмлик рақамли рентген аппарати, физиотерапия хоналари учун нерв томирлари шамоллашини даволаш мақсадида ультратовуш терапияси (УТТ) аппарати ҳамда остеохондроз, бўғимлардаги тузларни, таянч-ҳаракат тизими касалликларини даволашда зарба тўлқинли терапия (УВТ) аппарати билан биргаликда янги даволаш усуллари киритилди.
2022 йил поликлиникадан 20 километр узоқликда бўлган “Бестобе” аҳоли пункти учун, ўша йилнинг ўзида “Обод маҳалла” дастури ҳисобидан “Науқанбағ” аҳоли пункти учун, 2025 йил декабрь ойида поликлиниканинг янги бинолари қурилиши аҳолининг узоғини яқин қилиб, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча қулайликлар яратилди. Шунингдек, 8-9 километр масофада жойлашган “Шодли овул” аҳолиси учун тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида 2022 йилдан бошлаб иккита тиббиёт пункт (контейнер) ўрнатилиб, ҳудуд аҳолисига хизмат қилиб келмоқда.
Бугунги кунга келиб аҳолига тиббий хизматни янада яхшилаш ҳамда қоғозбозликни камайтириш мақсадида тиббиёт электрон тарзда иш олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2025 йил 26 декабрдаги “Электрон тарзда юритиладиган ҳужжатларни бирламчи тиббиёт муассасаларида тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи асосида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, беморларга ногиронлик гуруҳини белгилаш, беморларга шифохоналарга бепул йўлланмалар бериш, дори-дармонларни электрон рецепт орқали таъминлаш ишлари йўлга қўйилган. Диспансер ҳисобига олинган беморларни узлуксиз 28 номдаги дори воситаси билан таъминлаш электрон рецепт орқали амалга оширилиб келинмоқда. Бугунги кунда лаборатория, рўйхатхона, эмлаш хонаси, ҳар бир оилавий шифокор, амалиётчи ҳамширалар, патронаж ходимлар, тор соҳа мутахассислари электрон рўйхат орқали иш олиб бормоқда.
Оилавий поликлиникада ҳудуд аҳолиси ўртасида касалликнинг олдини олиш мақсадида профилактик кўриклар ҳамда скрининг текширувлари режа асосида мунтазам олиб борилмоқда. Хусусан, 2-10 ёш оралиғидаги болалар ўртасида гельминтоз касаллигининг, 3-18 ёшдагилар ўртасида онкогематологик касалликларнинг, 40 ёш ва ундан катта ёшдагилар ўртасида юрак қон-томир касалликларининг хавфини аниқлаш, 35-55 ёшдаги аёллар ўртасида бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олиш, 45-65 ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратони касаллигининг олдини олиш мақсадида Скрининг текширувлари ўтказилмоқда.
[gallery-27761]
Оилавий поликлиникада ўз ишининг устаси бўлган ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Шулар қаторида оилавий шифокор Раъя Султонова ҳудуд аҳолиси ўртасида ҳурмат билан тилга олинади. 23 йилдан буён ушбу соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган у орттирган тажрибаси ва ишга садоқати туфайли юзлаб инсонларнинг саломатлигини тиклашга ҳисса қўшди. Бугунги кунда эса у нафақат етук малакали шифокор, балки ёш мутахассисларнинг севимли устози даражасига етди.
Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар биринчи навбатда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш, шу билан бирга, бирламчи тиббий ёрдамни яхшилаш, соҳани рақамлаштириш, хавфсиз дори-дармон таъминотини амалга ошириш ва малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.