Бугунги кунда юртимизда “Инсон қадри учун” тамойилига асосан ҳар бир фуқарога муносиб турмуш шароитини яратиш бирламчи вазифага айланди. Шу мақсадда раҳбарлар иштирокида қабуллар ташкил этилмоқда ҳамда фуқароларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Албатта, муаммо ва ташвишларга дуч келган инсон борки, атрофдагилар кўмагига эҳтиёж сезади. Навоий вилояти ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев ҳам навбатдаги шахсий қабули давомида фуқароларнинг турли масалаларга оид мурожаатларини кўриб чиқди.

Вилоятнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар бандлик, ички ишлар органларига ишга кириш, меҳнат муносабатлари, тиббий, шунингдек, моддий ёрдам масалаларида амалий кўмак сўраб раҳбар қабулида бўлди.
Мурожаатлар вилоят ИИБнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда атрофлича ўрганилди. Қабул давомида 3 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилган бўлса, аксар муаммолар ҳолатига аниқлик киритилган ҳолда ўрганиб чиқилиши айтилди ва раҳбар назоратига олинди.

– Бугун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи қабулига иш сўраб келдим, – дейди Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Лобар Сайфуллаева. – Ўзим Зарафшон тиббиёт коллежини тамомлаганман. Маълумотим ўрта махсус. 2-гуруҳ ногирониман. Қабулда бошлиқ мутахассислигим бўйича ишга жойлашишга амалий ёрдам беришини айтиб, шахсан ўзи назоратга олишини билдирди. Албатта, мурожаатим ижобий ҳал бўлишидан умидворман. Ишлаб рўзғорга фойдам тегишини хоҳлайман.
Дарҳақиқат, аҳолига зарур пайтда моддий-ижтимоий ёрдам бериш, ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатишда бу каби учрашувларнинг аҳамияти катта. Зеро, бугунги кунидан рози бўлган киши эртанги кунга ишонч билан қарайди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири