Бир мурожаат изидан
“Кўприк қурган ва таъмирлаган – элда азиз!” – деган гап бор. Кўприк – дарё, канал, жар ёки бошқа жойлардан йўл ўтказиш учун қуриладиган муҳандислик иншооти саналади. Ушбу иншоотнинг асосий вазифаси аҳолининг узоғини яқин қилиш баробарида бир манзилдан иккинчи манзилга хавфсиз ва тезроқ етиб олишларини таъминлашдир.
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир тумани “Ших” қишлоғининг Боғзор ва Ёшлик маҳалларини боғлаб турувчи бир кўприк бор. Ундан ўтиш у ёқда турсин, яқинлашишнинг ўзи кишида қўрқув ҳиссини уйғотади.
Боғзор маҳалласи “Оқ Ёп” кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Жуманазар Ниязметов томонидан қишлоқ аҳолиси номидан агентликка йўлланган мурожаат юзасидан манзилга борганимизда ҳақиқатдан ҳам кўприк жуда аянчли, яроқсиз ва хавфли ҳолда эканлигини кўрдик. Кўприкни суратга олаётганимизни кўриб мурожаатчи билан бирга қишлоқ аҳолиси ҳам шу ерга тўпланди.
– Бу кўприк олтмишинчи йилларда қурилган бўлиб, сўнги марта таъмирланганига 15 йилдан ошди, – дейди Жуманазар Ниязметов. – Шунча йилдан буён кўприкни таъмирлаш бўйича мурожаат қилмаган идора ташкилотимиз қолмади. Олий Мажлис депутатлари ҳам келиб кўриб, ёрдам берамиз деб кетишди. Туманимизга нечта мансабдор масъул бўлиб, келса нажот сўраб эшигини қоқамиз. Туман ҳокимлиги ҳам бир неча йиллардан буён давлат дастурига киритилди. Тез орада янги қурилади, деб бизни тинчлантиришдан нарига ўтмайди. Мазкур кўприк боғловчи Боғзор маҳалласида 4 мингга яқин, Ёшлик маҳалласида эса 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу сабабдан минглаб аҳолининг кундалик ҳаётида ушбу кўприкка эҳтиёжи бор. Боғзорликларнинг эса Ёшлик томонда 500 гектарга яқин томорқа ерлари жойлашган. Ёшлик маҳалласининг эса юзлаб ўғил-қизлари Боғзор томонидаги мактабда таҳсил олади. Уларнинг кўпчилиги ҳозирда ушбу кўприкдан ўтишмайди. Бироқ, шошганида ва зарурат туғилганда ўз ҳаётларини хавф остига қўйишга мажбур бўлмоқда.
– Томонларга бошқа кўприклардан айланиб келиш ҳам мумкин. Лекин, бир томон 15 километр, иккинчи томондан келганда 6 километр йўл босилади, – дейди Баҳром Боғбеков. – Яқинда икки нафар йигитларимиз эҳтиётсизлик қилиб кўприкдан қулаб тушган. Шу баҳорда кўприкнинг бир қисми ўпирилиб кетди. Яхши, устида ва остида ҳеч ким бўлмаган.
[gallery-13673]
Боғзор маҳалласи ички йўлида жойлашган Қўшкўпир тумани Ирригация бўлими балансидаги темир-бетон асосли ушбу кўприкнинг узунлиги 25-26 метрни, эни 8 метрни, баландлиги эса 6-7 метрни ташкил қилади. Афсуски, кўприкнинг устун, балка ва бошқа қисмлари буткул яроқсиз аҳволга келиб қолган.
– Бу кўприкнинг бу томонида фарзандларим билан фермер хўжалигимизда меҳнат қиламиз, – дейди Розика Норметова. – Невараларимнинг айримлари эса у томондан бу томонга мактабга қатнайди. Ҳар дақиқа хавотирда ўтирамиз. Бу кўприкни бузиб ўрнига кичикроғини қуриб беришса ҳам майли. Зеро, тор бўлсада хавфсиз кўпригимиз бўларди. Ҳукуматимиздан ва тегишли ташкилотлардан илтимос қилиб қоламиз.
Кўприк ёнида атиги 30 дақиқа турдик. Аммо, ўнлаб одамлар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, пиёда, велосипед, эшак арава ҳамда автотранспортда унинг устидан ўтганлигининг гувоҳи бўлдик. Яқин йилларда ушбу кўприк мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилганлиги ёки ўрганилганлигига ҳам шубҳамиз бор.
– Кўприк қурилганида мен йигирма ёшлардаги йигит эдим, – дейди саксон ёшни қаршилаган Отажон Ниязметов. – Жуда мустаҳкам ва кўркам иншоот эди. Ён тўсинларининг йўқ бўлиб кетганига йигирма йилдан ошди. Шундан сўнг ундан йиқилиб нечта одам майиб бўлиб, нечтаси ҳаётдан кўз юмди. Сўнги йилларда уларнинг сони ортиб бормоқда. Мутасаддилар бунга алоҳида эътибор беришлари лозим.
Аҳолининг таъкидлашича, бир неча йиллардан буён дастурларга киритилиб, амалда ҳеч иш қилинмаяпти. Умид қиламизки ушбу мақоладан сўнг ҳокимлик ва тегишли идораларнинг мутасаддилари аҳолининг ҳаёти учун хавф туғдираётган мазкур иншоот тақдирини тез кунларда ҳал этишади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(Сурат) ЎзА