Қабулда 169 нафар фуқаро ўз мурожаати билан қатнашди.
Мирзаобод туманидаги “Наврўз” маҳалласининг Мустақиллик кўчасида барпо этилган Ёшлар хиёбонида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари раҳбарлари ва туман ҳокими иштирок этди.

Мурожаатларда асосий эътибор қишлоқ ва маҳаллаларда санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларни ўз вақтида чиқариш, йўл ва ички инфратузилмани реконструкция қилиш каби масалаларга қаратилганди. Шунингдек, аҳоли кредит олишдаги қийинчиликлар, уй-жой ва кадастр ҳужжатларига доир муаммолар, пенсия ва нафақа тайинлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларни ёзганди.
Қабул жараёни очиқ ва халқчил руҳда ўтди. Ҳар бир мурожаат диққат билан тингланди, муаммоларга нисбатан масъул ташкилот раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди, қолганлари бўйича аниқ муддат ва ижрочилар белгиланди.
– Сайёр қабулларнинг асосий мақсади – одамларни қийнаётган масалаларни тинглаш ва уларга ечим излашдир, – деди Э.Турдимов. – Бу жараён фуқароларнинг давлат идораларига ишончини ошириб, улар ҳаётидаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради.
Ғулом Примов, ЎзА