Шарҳ
Халқимизга хос бўлган маҳалла институти азалдан аҳоли вакилларининг бошини қовуштирадиган, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бирдамликнинг ҳаётий намунаси бўлиб келган тузилмадир. Одамларнинг бошига тушадиган яхши-ёмон кун борки, энг биринчи маҳалла вакиллари кўмакка, маслаҳатга келади.
Миллатимизнинг оғзибирлигини намоён этувчи ушбу институт фаолияти мустақиллик йилларида янада кенг қулоч ёйиб, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди, фуқаролар ҳаётидаги ўрни ва иштироки кенгайди. Айниқса, кейинги йилларда “Маҳалла еттилиги” тизими жорий этилиб, мавжуд муаммоларни тизимли ўрганиш ва ҳал этиш, аҳолининг тадбикорлик фаолияти ва бандлигига кўмаклашишга эътибор қаратиб келинмоқда.

Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади. Бу борада “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар алоҳида аҳамиятга эга.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилги Давлат дастурига кўра, маҳаллаларда аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш ва давлат органлари томонидан уларнинг ҳал этилишини онлайн назорат қилиш тартиби жорий этилади.

Бунда “Маҳалла еттилиги” вакиллари томонидан ҳар бир хонадон кесимида муаммолар режа-графикка асосан ўрганиб борилиб, аниқланган муаммоларни “Рақамли маҳалла” электрон платформасига киритиш амалиёти йўлга қўйилади.
Энг муҳими, “хонадонбай” ўрганишларда аниқланган муаммоларни тегишлилиги бўйича “Рақамли маҳалла” электрон платформасида сунъий интеллект орқали тегишли вазирлик ва идораларга тақсимлаш имкониятини яратиш ҳамда улар ҳал қилинмагунга қадар ижро ҳолатини Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатъий назоратга олиш кўзда тутилгани алоҳида эътиборга молик.

Шунингдек, Дастурга кўра, аҳолининг аниқланган муаммолари ижобий ҳал этилишини вазирлик ва идоралар, уларнинг раҳбарияти фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида белгилаш кўзда тутилган. Бунинг натижасида аҳолининг барча муаммоларини ҳал этишни бир вақтнинг ўзида тегишли идорага юклаш ва натижаси бўйича аниқ муддатда сўров қилиш тизими яратилади. 100 дан зиёд давлат органларининг аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги тўғридан-тўғри иштироки таъминланади.
Хулоса ўрнида айтганда, аҳоли муаммолари “хонадонбай” ўрганилиб, уларнинг ижроси давлат органлари томонидан онлайн назорат қилиниши самарадорликка, амалий натижадорликка замин бўлади. Жойларда аҳолини қийнаётган масалалар, оилалардаги муаммолар вақтида ҳал этилиши, пировардида, одамларнинг ўз турмушидан, ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА